Университет ўқув-тажриба майдонларида инновацион аграр услубда ҳосил етиштирилмоқда
2026-04-13 17:25:00 / Янгиликлар

Бултур дала майдони четлари, 1,5 гектар ерга “Яшил макон” умумиллий лойиҳасига мувофиқ мевали ва манзарали дарахт ниҳоллари ўтқазилиб, ҳудуд кўкаламзорлигига ҳисса қўшилаётган бўлса, кеч кузда 5 гектар ерга экилган бошоқли дон, серҳосил ва маҳаллий иқлимга мос “Алексеевич” навли уруғлик ғалла майсаси агротехник талабларга биноан парваришланмоқда. Ёзги ўрим-йиғим даврида бу ердан 80 центнерга етказиб, яъни 40 тонна сара буғдой етиштириш кўзда тутилган.
Эрта баҳордан тажриба ер участкаси меҳнаткашлари 2 гектар ерда пахта чигитини қадаб, деҳқончиликни бошлаган бўлсалар, яна 2 гектар ерда экилган қушқўнмас доривор ўсимлигининг ўсиш ҳолати ва илмий тадқиқотлар учун аҳамияти ўрганилмоқда. Университет ҳудудини кўкаламзорлаштириш ҳамда биохилма-хилликни сақлаш мақсадида ташкил этилган дендрология боғидаги ишлар тартибга солинмоқда.
Туркиянинг “Yilmaz” компанияси билан йўлга қўйилган стратегик ҳамкорлик доирасида университет тажриба ерининг 2,5 гектар майдонида экилган мевали дарахт тагпайвандлари ҳамда уларни суғоришда қўлланилаётган замонавий томчилаб суғориш технологиялари самарадорлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу каби лойиҳалар университетнинг нафақат илмий салоҳиятини оширишга, балки қишлоқ хўжалигига инновацион ечимларни олиб кириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.
Университет ректори, профессор Обиджон Хамидов бошчилигидаги илмий тадқиқотчилар тасарруфидаги ер майдонларида қишлоқ хўжалигига доир олиб борилаётган илмий-амалий ишлар ва агротехник тадбирларни мувофиқлаштириб, аграр тармоқдаги илғор инновацион иш тажрибасини оммалаштириш чораларинги кўрмоқдалар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







