Пешкy: "Дейча"да Камоловлар хонадони иссиқхонадан 200 миллион сўм даромадни кўзлаган
2026-04-12 16:40:00 / Янгиликлар

Айни кунда Янги ҳаёт, Кодравон, Янги йўл, Чоробод, Болин, Дейча, Зарафшон каби 7 та қишлоқдан ташкил топган “Дейча” маҳалла фуқаролар йиғинида 536 та хонадон, 698 та оила ва уларда жами 2 минг 700 га яқин аҳоли истиқомат қилмоқда. Ўрганишлардан аён бўлишича, мададга муҳтож ўндан ортиқ оила, қирққа яқин ишсиз, 108 нафар чет элга қатнаб юрган меҳнат мигранти, шунингдек, 80 нафардан ортиқ ишсиз аёл ижтимоий муҳофазага олинган бўлиб, улар оилалари ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланмоқда.
Албатта, иссиқхоналар туфайли йил давомида узлуксиз маҳсулот етиштириш имконияти яратилмоқда. Айниқса, помидор, булғор қалампири, қишки мавсумда кўкатлар етиштириш маҳалла аҳолиси учун асосий даромад манбаларидан саналади. Бозор талабига мос, сифатли ва экспортбоп маҳсулот етиштиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани натижасида маҳсулотларнинг харидоргирлиги ортиб бормоқда.
Маҳалладаги илғор ва намунали хўжаликлардан бири ака-ука Фарҳод ва Кенжа Камоловлар ҳовли жойларидаги, ҳар бири 10-12 сотихдан иборат иссиқхоналарида шу кунларда помидор, картошка, булғор қалампири каби эртанги сабзавотлар етиштирилмоқда. Бугунга келиб бу хонадон миришкорлари иссиқхоналаридаги ҳосил тўлиқ пишиб етилиб, терим жараёни бошланган.
Астойдил меҳнат туфайли Камоловлар оиласи йил давомида ўртача 12-14 тоннагача помидор етиштиришга эришмоқда. Етиштирилган маҳсулот эса бозорда бир килограмми ўртача 15-20 минг сўмдан сотилмоқда. Бу эса оилага йил якунида 200 миллион сўм атрофида даромад олиш имконини бермоқда. Мазкур натижалар оилавий тадбиркорликни тўғри йўлга қўйиш, замонавий агротехник усуллардан фойдаланиш ҳамда меҳнатни оқилона ташкил этиш самарасидир.
Дарвоқе, иссиқхона меҳнати ҳам осонмас, хўжаликда экиш, ҳосилни йиғиб, саранжомлаш кунларида 10 нафардан ортиқ қўшимча ишчи кучи ёлланади. Албатта, уларни ҳам меҳнатига яраша моддий манфаатдор бўлишлари иссиқхона хўжаликлари эгалари зиммасида. Айни пайтда Дейча, Ибн Сино маҳаллалаларидаги иссиқхона тажрибасини бошқа маҳалла ва қишлоқларда ҳам оммалаштириш чоралари кўрилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








