Шофиркон: томорқада биргина ҳосилга 3 миллион сўм сарфлаб, 30 миллион сўм фойда кўзланмоқда
2026-04-12 16:30:00 / Янгиликлар

Облоқуловлар хонадонидаги экин ери 20 сотихдан иборат бўлиб, шундан 7 сотих майдонда иссиқхона ташкил этилгани даромад манбаи бўлиб хизмат қилмоқда. Негаки, бу ерда йилнинг тўрт фаслида сабзавот ҳамда кўкатлар етиштирилаётганини кўриш мумкин. Йил бошидан картошка, кейинчалик помидор, бодринг, саримсоқпиёз, булғор қалампири, бақлажон, сабзи, шолғом кабилар етиштириб келинади.
Томорқа меҳнатини янада ривожлантириш мақсадида 2025 йилда ҳокимнинг Калондаги ёрдамчиси Бобур Қудратовнинг тавсияномаси асосида Фурқат Облоқулов оиласига 33 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағи ажратилиб, иссиқхона қурилишига кўмак берилган.
Бундан ташқари, бу хонадон бекаси Зироат Саидовага субсидия асосида мотокултиватор олиб берилгани томорқадаги агротехник ишларни енгиллаштириб, маҳсулот етиштиришдаги самарадорликни янада оширмоқда. Албатта, йил бошидан экин ерида ҳар бир экин режалаштирилиб, аниқ ҳисоб-китоб асосида даромад олиш кўзда тутилган.
Масалан, 6 сотих майдонга экилган сабзига 3 миллион сўм харажат қилинган бўлиб, ундан салкам 3 тоннага етказиб ҳосил олиш кўзда тутилган. Бу ҳосил сотувидан эса 30 миллион сўмдан ошириб даромад олиш кутилмоқда, Худди шундай, саримсоқпиёз етиштириш учун уруғлик, минерал ўғит кабиларга 1,5 миллион сўм атрофида маблағ сарфланган бўлиб, ҳосил етилганида ундан қарийб 20 миллион сўм даромад олиш мўлжалланган.
Ёз мавсуми олдидан йиғим-терим ишлари якунлангач, томорқада такрорий экин ҳам пухта режалаштирилган. Хусусан, булғор қалампири етиштириш орқали йил давомида биринчи ва иккинчи ҳосиллардан жами 90 миллион сўм соф фойда олиш ният қилинмоқда.
Албатта, “ҳолва деган билан оғиз чучимас”, оиланинг 4 нафар аъзоси касб-кори турлича бўлсада, томорқада ишлаб, қўшимча даромад олишни ёшлигидан ўрганиб, меҳнатни зиммаларига олишган. Бу ҳам оилавий тадбиркорлик сифатида даромадни кўпайтиришга хизмат қилмоқда.
—Ўтган йили томорқамизда қилган меҳнатимиз ва орттирган даромадимимиз ҳисобидан янги автомашина сотиб олдик,—дейди намунали томорқачи Фурқат Облоқулов.—Бу йил эса чорвачиликни ривожлантириб, наслдор чорва моллари харид қилишни мақсад қилганмиз. Инсон меҳнат қилса, ҳам жисмонан соғлом бўлади, ҳам даромадга эришади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









