Олот: “Усмоншайх” маҳалласида 4 гектар ерда узумзор-токзор барпо қилинмоқда
2026-04-10 17:50:00 / Янгиликлар
Вилоятимизда боғдорчилик, узумчилик соҳаларини ривожлантириш, улардан кенг фойдаланиш, маҳсулот етиштириш салмоғини ошириш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, узумчилик-токзор йўналишида субсидиялар ажратилаётгани, серҳосил сифатли кўчатлар танланиб, навларга, агротехник тадбирларга эътибор қаратилаётгани ҳосилдорликни ошириш, қайта ишлаш ҳажмини кенгайтириш ҳамда юқори даромад олиш имконини бермоқда.

Шу каби имконият ва имтиёзлар туфайли айни кунда Олот туманида яна бир узумзор-токзор барпо этишга жадал киришилди. Жумладан, “Усмоншайх” маҳалла фуқаролар йиғинида фаолият юритаётган “Отабек Пўлат” фермер хўжалиги нисбатан кам самарадор ердан 4 гектарини обод қилиб, унда токзор ташкил этмоқда. Мазкур лойиҳа туман ҳокимлиги, “Агростар” корхонаси ҳамда “Асака банк” туман филиали ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.
Айни кунда “Усмоншайх” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Заргарқайроқ, Қипчоққоровул, Шераклар, Қозиработ қишлоқларида 1100 тадан ортиқ хонадон, 1470 та оила ва уларда жами 5 мингга яқин аҳоли умргузаронлик қилаётган бўлса, уларнинг асосий тирикчилик манбаи дала-деҳқончилик, томорқа ишлари, шу билан бирга чорвачиликдир. Бунда асосий эътибор томорқадан унумли фойдаланиш, ҳудудда қорамолчилик, қўй-қўзи ёки парранда парваришига, оилалар даромад манбаига қаратилмоқда.
Янгидан барпо қилинаётган узумзорга қайтсак, унда замонавий шпаллер тизими ва водий услуби асосида 3 минг 500 тупдан ортиқ, маҳаллий иқлим шароитига мос серҳосил “аватар”, “ламбаргини”, “ҳусайни”, “келин бармоқ”, “тойфи” навли узум кўчатлари ўтқазилди. Бу навлар юқори ҳосилдорлиги ва бозорбоплиги билан ажралиб туради.
Бу ташаббуслар нафақат фермер хўжалиги даромадини оширишга хизмат қилади, балки ҳудудда узумчиликни ривожлантириш, сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш, кейинги босқичларда эса маҳсулотни қайта ишлаш орқали қўшимча қиймат яратиш имконини беради. Қолаверса, узумзор-токзор туфайли Қипчоққоровул, Усмоншайх, Қозиработ, Шераклар каби қишлоқларда иш ўринлари яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва оилалар моддий манфаатдорлигини мустаҳкамлаш муҳим омил бўлади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









