Ғиждувон: “Олтинсой” сўлим экотуризм маскани чорлайди
2026-04-08 19:45:00 / Янгиликлар
Умумий майдони 28 гектарни ташкил этган мазкур чўл дам олиш масканида умумий қиймати 1 миллиард сўм ва АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги “USAID” ҳомийлигидаги 31 минг АҚШ доллари эвазига экомаскан барпо этиш ишлари бир неча йил бурун бошланган. Ғиждувон тумани марказидан 20 километр узоқликда, “Барака” чўл массивида обод қилинган мазкур кўнгилочар масканда айни кунда 20 минг тупга яқин турли-туман манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилиб парваришланмоқда.

Бу ерда дам олувчилар учун “Олтинсой” сўлим экотуризм маскани барпо қилинган. Меҳмонлар, дам олувчилар учун чўлда ов қилиш, камондан ва милтиқдан отиш, отда сайр, гастрономик туризм, овул ҳаётига оид миллий намунада қурилган ўтовлар ва уларда туя сути, ҳудудда туяқуш парвариши йўлга қўйилгани ҳам меҳмонларни бефарқ қолдирмайди.
Бу ерда маҳаллий ва хорижий меҳмонлар 5 гектарда бунёд этилаётган сув ҳавзасида балиқ овлаш, хушманзара жойларни томоша қилиш, от ва туяларда сайр этиш, тегишли тарзда жиҳозланган ва барча қулайликларга эга ўтовларда мириқиб дам олишлари мумкин. Айтиш жоизки, чўлда шундай кўнгилочар сўлим маскан барпо этиш лойиҳаси бошида айни пайтда моҳир овчи, тадбиркор, “Шуҳрат” медали соҳибаси Иқлима Жўраева турибди. Унинг кейинги йилларда Ғиждувоннинг бир томони Қизилқум кенгликларига туташган “Барака” МФЙ да ташкил этган экомаскани довруғ таратмоқда.
Иқлима Жўраеванинг оқилона юритаётган фаолияти туфайли бугунга келиб мазкур масканда жами 20 нафардан тортиқ ишчи меҳнат қилиб, даромад топмоқда. Мазкур чўл зонасида иқлимга мос манзарали дарахтлар парваришланаётгани баробарида дам олувчилар учун юрталар ўрнатилиб, жиҳозланган ва барча шароит яратилган. Худди шундай, бу масканда туя, от, туяқуш, паррандалар ва турли хил қушлардан иборат ҳайвонот оламини мужассам этган боғ мавжуд.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









