Университет талабалари “O'zmilliybank” АЖ ва "Kelajakka qadam" маркази раҳбарияти билан учрашдилар
2026-04-08 19:20:00 / Янгиликлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 11 февралдаги “Олий таълим ташкилотлари битирувчиларининг ишга жойлашишига кўмаклашиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–61 сонли қарори қабул қилинган.

Мазкур қарорга мувофиқ, олий таълим ташкилотлари битирувчиларини иш билан таъминлаган тадбиркорларга 2 йиллик имтиёзли давр билан 7 йил муддатга 5 миллиард сўмгача йиллик Марказий банк асосий ставкасидан 4 фоизлик пункт юқори ставкада кредитлар ажратиш белгиланди. Бунда имтиёзли кредит тадбиркорларга ҳар бир миллиард сўм қийматгача бўлган маблағ учун камида 1 нафар битирувчини ишга қабул қилиш шарти билан ажратилади.
Кредит ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги лойиҳаларга асосий воситалар сотиб олиш ҳамда айланма маблағларни тўлдириш учун ажратилади. Тадбиркор унинг имтиёзли кредит олишига сабаб бўлган битирувчи ўртасида 2 йил давомида меҳнат шартномаси бекор бўлган тақдирда, кредит фоизи меҳнат шартномаси бекор бўлган санадан тижорат ставкасига ўзгартирилади.
Юқоридаги қарор бўйича "Келажакка қадам" Дастур доирасида олий таълим ташкилотлари битирувчилари учун “O'zmilliybank”нинг вилоят филиалидан “Келажак учун старт” кредит пакети жорий қилингани олий таълим даргоҳи битирувчилари учун яна бир имкониятдир. Бухоро давлат университетида “O'zmilliybank” АЖ “Келажакка қадам” маркази раҳбарияти ҳамда битирувчи талабалар билан бўлиб ўтган учрашувда шу хусусида сўз борди.
Очиқ мулоқотни республика Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг ўринбосари Ўктам Саломов очди. У ўз сўзида давлатимиз раҳбарининг бу борадаги қарори мазмун-моҳиятига тўхталиб, битирувчи ёшларни иш билан таъминлаш, уларнинг бандлигини ошириш ва касбий фаолиятга йўналтириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида тўхталди.
Вилоятимиздаги давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари раҳбарияти, битирувчилар, студиялардан масъуллар иштирок этган тадбирда Бухоро давлат университети ректори Обиджон Ҳамидов битирувчиларни иш билан таъминлашда тизимли олиб борилаётган ишлар тўғрисида ахборот берди.
Шунингдек, “O'zmilliybank” АЖнинг вилоят филиали бошқарувчиси Обид Шодиев сўзга чиқиб, "Келажакка қадам" Дастури мазмун-моҳияти, унинг имкониятлари ҳамда битирувчи ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги аҳамияти, битирувчилар учун яратилаётган шарт-шароит ҳақида батафсил маълумот берди. Мазкур учрашув талаба-ёшларни иш билан таъминлаш, уларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва мустақил фаолият бошлаши учун қулай имкониятлар яратишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









