Шофиркон: пахтаободлик Феруз Солиев уй хўжалигида қорамол ва товуқ сони кўпайтирилмоқда
2026-04-08 16:35:00 / Янгиликлар

Мазкур уй хўжалиги фаолиятини кенгайтириш мақсадида қўшимча 5 мингта жўжа етиштириш ҳаракатига киришилган. Бу ташаббус ҳокимнинг маҳалладаги ёрдамчиси тавсиясига биноан 10 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағи билан қўллаб-қувватланган. Хонадон соҳиби бу сармояни самарали ишлатиб, нафақат товуқ боқиш, балки келгусида товуқхонани кенгайтириш учун шароит яратмоқда.
Меҳнаткаш оила бошлиғининг айтишича, ҳозирда паррандалар озуқаси учун кунига 100 килограм омухта ем тақозо қилинмоқда. Кунлик озуқа харажати 200 минг сўмни, ойига эса тахминан 6 миллион сўмни ташкил этмоқда. Шу ҳисоб-китобга кўра, ҳозирги фаолиятдан хонадон меҳнаткашлари 50 миллион сўм даромад олишни мақсад қилишган.
Қишлоқ шароитида товуқ боқишнинг афзаллиги шундаки, барқарор даромад манбаи бозор талабига жавоб берадиган харидоргир, сифатли гўшт етиштириш имконини беради. Албатта, товуқларни санитария-гигиена тартиб-қоидасига мос парваришлаш, зарур пайтда эмлаш тақозо қилинади.
Солиевлар уй хўжалигида бугунга келиб маҳаллий бозорлардан харид қилинган жами 23 бош “Қизилчўл” ва бошқа зотли чорва моллари парваришланмоқда. Улар ҳар бири ўртача қиймати 12–15 миллион сўмни ташкил этаётган бўлса, умумий қиймати 330 миллион сўмдан кам эмас. Оила миришкорлари яқин ойларда чорва моллари сонини 50 бошга етказиш, оғилхонани наслдор моллар билан тўлдириш ҳаракатидалар.
Хўжаликда бўрдоқига боқилаётган қорамолнинг ҳар бирини 25–30 миллион сўмдан сотиш мақсад қилинган. Чорвачиликни ривожлантириш учун аввало экин ери зарурлигини яхши билгани ҳолда оила бошлиғи қўшимча ер майдонини олишни режалаштирган. Негаки, мавжуд шарт-шароит хўжалик талаб ва эҳтиёжини тўла-тўкис қопламаяпти.
Хулоса қилиб айтганда, Феруз Солиевнинг кўп йиллик тажрибаси нафақат оила фаровонлигига, балки маҳалланинг иқтисодий ривожланишига, хонадон ва уй хўжаликлари моддий манфаатдорлигига хизмат қилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






