Бухорода навбатдаги жигар трансплантацияси операцияси муваффақиятли бажарилди
2026-04-08 16:20:00 / Янгиликлар
Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиали мутахассислари дунёнинг қатор илғор тиббиёт муасссасалари, чет эл клиникалари ва олий таълим даргоҳлари тадқиқотчилари, врачлари билан яқин ҳамкорликда иш олиб боришаётгани самараси ўлароқ, яна бир улкан ютуққа эришдилар. Хорижда касбий малакасини ошириб қайтаётган мутахассис шифокорлардан бир гуруҳи яқинда беморда жигар трансплантациясини кўчириб ўтказиш жарроҳлик амалиётини маҳаллий шароитда муваффақиятли амалга оширдилар.

Бухоро филиалида қарийб 10 соат давом этган мазкур мураккаб, юқори технологик жарроҳлик амалиётида пойтахт Тошкент шаҳридан келган республика Бош трансплантологи Жасур Собиров ва унинг шогирдлари, марказ директори М. Ражабов раҳбарлигида трансплантолог мутахассислар иштирок этдилар. Тиббиёт ходимлари ўзаро ҳамкорликда узоқ кутилган навбатдаги тарихий амалиётни юқори савияда бажардилар.
Асосийси, кейинги йилларда жигар циррози ташҳиси билан оғриган бемор, Пешкў тумани, “Варахшо” МФЙ да истиқомат қилувчи 40 ёшли М. О. айтиш мумкинки, оғир синовдан кейин соғайиш йўлига ўтди. Беморга 38 ёшли синглиси жигарининг бир қисмини донор сифатида тақдим этди. Амалиёт муваффақиятли якунланиб, беморга соғлом жигар бўлаги кўчириб ўтқазилди.
Айни пайтда бемор ва донор, ака-сингилнинг умумий аҳволи барқарор бўлиб, белгиланган стандартлар асосида зарур тиббий муолажаларни олишмоқда. Филиалнинг тажрибали мутахассислари томонидан беморларнинг динамик ҳолати доимий назорат остида кузатилмоқда.
Мазкур муваффақиятли операция Бухоро вилоятида трансплантология соҳасини ривожлантириш, юқори технологияли тиббий хизматларни ҳудудларда йўлга қўйиш йўлида муҳим қадам ҳисобланади. Албатта, келгусида бу каби юқори технологик операцияларни бажариш йўлида собитқадам тиббиёт мутахассислари ўз билим ва тажрибаларини ошириш йўлида изланишдалар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








