Ромитан: "Тарнаут"да ҳам иссиқхона хўжаликлари ва чорвачилик ривожланмоқда
2026-04-08 10:35:00 / Янгиликлар

Таҳлилларга кўра, асосий “драйвери”, яъни, ўсиш тармоқлари иссиқхоначилик ва чорвачилик бўлган Тарнаутда 1 минг 42 та хонадон томорқасидан самарали фойдаланиб келинмоқда. Худди шундай, 870 та хонадонда жами 1 минг 755 бош йирик шохли, 3 минг 552 майда шохли қорамол, 460 та хонадонда эса 6 мингдан зиёд парранда парваришланмоқда.
Айни кунда маҳаллада иссиқхоначилик, чорвачиликни ривожлантириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланган. Натижада ҳудуддаги иссиқхоналарда ҳосилдорликни ошириб, ишсиз аҳолини иш билан таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари харидоргирлигини ошириб, бозор ва аҳоли дастурхони тўкинлигини таъминлашга эътибор қаратилмоқда.
—Ердан унумли фойдаланган инсон барака топади,—дейди Тарнаут қишлоғида яшовчи Дилобар Рамазонова.— Кейинги йилларда 12 сотихда иссиқхона қуриб, деҳқончилик қилиб келмоқдамиз. Баҳорда помидор, бодринг, булғор қалампири, бақлажон уруғларини экиб кўчат етиштирамиз. Мавсумда қишлоғимизнинг 8 нафар ишсиз аёлини ишга ёллаб, меҳнатига яраша, 2 миллион сўм атрофида иш ҳақи берамиз. Эрта баҳор мавсумида тайёр ниҳолларни бозорга олиб чиқишимизга ҳожат йўқ, чунки, харидорлар, томорқа ер эгалари ўзлари томорқадан келиб олиб кетишади. Бир йил давомида 200 миллион сўмдан ошириб даромад олиш тажрибасига эгамиз.
Маҳаллада илгаридан иссиқхона хўжаликлари бўлган, ҳудудда самарасиз фойдаланиб келинаётган 12 гектардан ортиқ ер майдони 3 йил бурун эҳтиёжманд деб топилган 150 та оилага ўртача 10 сотихдан аукцион орқали ажратилгани бу борада яна бир қулайлик бўлди.
Бу билан ҳар бир томорқачи оила йил давомида иссиқхона хўжалигини юритиб, 100 миллион сўмга етказиб даромад топиш имконига эга бўлди. Муҳими, томорқачиликда банд бўлган аҳоли сони 400 нафардан ошди. Асосийси, томорқа ерларини обод қилиб, уларда ўндан ортиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш орқали ҳудудда турмуш шароитлари яхшиланмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







