Олот: Обида Тўраева паррандачилик ортидан кунига 800 дона тухум олмоқда
2026-04-07 00:55:00 / Янгиликлар

Шундай ташаббускор аёллардан бири "Жайхунобод" маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Обида Тўраевадир. Унинг фаолияти бундан олти ой бурун бошланган бўлиб, дастлаб Самарқанд вилоятидан жўжалар харид қилинган. Аввалдан 1 200 бош парранда учун мўлжалланган товуқхона ва зарур шароит тайёрланиб, оилавий тадбиркорлик доирасида тижорат банкидан олинган 100 миллион сўм имтиёзли кредит маблағи кўмагида иш бошланган.
Бугунга келиб хўжаликда боқилаётган парранда 7–8 ойлик бўлиб, тўлиқ тухум бериш даврига кирган. Оилавий тадбиркор томони ҳозирда 1 000 бошга яқин парранда парваришлаётган бўлса, улардан кунига 800 дона тухум олинаётгани моддий манфаатдорлик учун асосий манба, албатта.
— Очиғи, бошида бироз иккиланиб иш бошлаганмиз,—дейди Обида Тўраева.—Парвариши, парранда касалликлари, озуқа масаласи, эмлашларини ҳисобга олиб, “етти ўлчаб бир кесдик”. Ишни бошлаганимиз қиш фаслига тўғри келди, аммо парранда ўзининг иссиқлиги билан хонани ҳам иситаркан. Парвариш қилиш ҳам унчалик қийин эмас — сув ва ем бериш кунига 20–30 дақиқа вақт олади. Қувонарлиси, ҳозирда тухум йиғиш кун давомида асосий машғулотимизга айланган.
Оилавий паррандабоқарлар ҳар куни ўртача 800 дона тухумни бозорга чиқаришмоқда. Бир дона тухум 1 300 сўмдан сотилмоқда, бир флейка тухум, яъни 30 таси 37 минг сўмни ташкил этади. Шу тариқа, кунлик тушум қарийб 1 миллион сўмни ташкил этмоқда. Парранда озуқасининг 1 килограми 5 минг 500 сўм бўлиб, бир дона товуқ кунига тахминан 100-120 грамм ем истеъмол қилади. Бу эса бир кунда 800 сўм харажат дегани. Демак, даромад харажатдан анча юқори.
Бежизга халқимиз “товуқ — етти хазинанинг бири” демайди. Бу фаолият тури кам маблағ билан бошланиб, барқарор даромад келтириши билан аҳамиятли.Бугун Обида Тўраева тажрибаси қўни-қўшни, жайхунободликлар учун ҳам ўрнак бўлиб хизмат қилмоқда. Шу боис, айни пайтда атрофдаги қишлоқларда ҳам парранда парваришига жиддий киришганлар сафи кенгаймоқда. Дарҳақиқат, меҳнат қилган одам ҳеч қачон кам бўлмайди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати


