Вобкент: “Ҳажувон” иссиқхоналарида помидор етилиб пишди
2026-04-04 16:30:00 / Янгиликлар
Томорқа ҳар бир хонадон файзу баракасининг муҳим воситаси. Вобкентлик томорқа ер эгалари ҳам бу оддий ҳақиқатни теран тушуниб етиб, ерга муносабатни тубдан ўзгартириб, аввало ўз эҳтиёжлари, қолаверса, маҳалладошлари дастурхони тўкинлигини таъминлаш учун бор куч ва имкониятларини ишга солмоқдалар. Қишлоқларда ўнлаб хонадонда иссиқхона хўжалиги ривожлантирилмоқда, Уларда картошка, помидор, бодринг, булғор қалампири кабилар билан бирга, сархил навли қулупнай ва ҳатто, цитрус мевалар етиштириш кенг тус олмоқда.

Масалан, Ҳажувон маҳалласида яшовчи тадбиркор, "Отамурод Берди Жамшид" МЧЖ раҳбари Ойбек Султонов оила аъзолари, меҳнат жамоаси билан биргаликда қишки мавсумда 1 гектардан ортиқ майдондаги иссиқхонада серҳосил помидор навидан экиб деҳқончилик қилиб келмоқда. Иссиқхона меҳнати билан айни пайтда 6 нафар ҳамқишлоғини таъминлаган тадбиркор тижорат банкидан имтиёзли равишда олган 150 миллион сўм кредит маблағини шу иссиқхонани жиҳозлашга, томчилатиб суғориш тизимини жорий этишга, ишни талаб даражасида юритишга сарфлаган.
Бугунга келиб ана шу изланиш самараси сифатида сархил ҳосилга ва даромадга эришилмоқда. Тинимсиз меҳнат, ўз устида ишлаш ва деҳқончиликда орттирилган тажриба бугун ўз ҳосилини берди. Оила хўжалиги жорий йил ҳисобидан дастлабки ҳосилни эл дастурхонига, бозор расталарига чиқаришга тайёр. Айни кунда 1 гектар майдондан бир неча марталик йиғиб-териб олишдан жами 30 тоннага яқин сара помидор ҳосилини саранжомлаш ҳисоб-китоб қилинган. Бу дегани, "Отамурод Берди Жамшид" МЧЖда биргина ҳосилдан 350 миллион сўмдан ошиқ моддий манфаатдорликка эришиш кўзланмоқда.
Муҳими, эртанги кунга бўлган умид ва ишонч, оилалар фаровонлиги сари ташланган дадил қадамлар, ерга берилган эътибор, албатта, қут-барака бўлиб қайтади. Шу ўринда баъзи маълумотларга тўхталсак, ўтган йилда туманда мавжуд 2 минг 853 гектар аҳоли томорқасида 42 минг 345 тонна эртанги сабзавот-полиз маҳсулоти етиштирилган.
Чунончи, 273 гектарда 8 минг тоннадан ортиқ картошка, шунингдек, 421 гектарда 8 минг тонна атрофида помидор, 143 гектарда 3 минг 108 тонна сабзи, 120 гектарда 4 минг тонна атрофида пиёз, қолаверса, 75 гектардан ортиқ ерда 2 минг тоннага яқин қовун-тарвуз ва ошқовоқ етиштирилган. Зеро, томорқа—бандлик, тўкинлик ва арзончиликни таъминлашнинг самарали йўли ҳамдир. Дастурхон файзу баракаси, турмуш фаровонлиги шундан.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






