Бухорода қизилўнгач ўсмаси диссекцияга доир мураккаб эндоскопик амалиёт муваффақиятли бажарилди
2026-04-04 16:25:00 / Янгиликлар

Тиббиёт статистикасига кўра, сўнгги йилларда 18–21 фоиз ҳолларда қизилўнгач ва ошқозон-ичак ўсма касалликлари аҳоли ўртасида, айниқса, 50 ёшдан 70 ёшгача бўлган эркак ва аёлларда кўп учрамоқда. Бунинг натижасида беморларнинг умумий аҳволи оғирлашиб, интоксикация белгилари кучайиши, озиқ-овқат маҳсулотларининг ошқозонга ўтиши қийинлашиб, меъда-ичак тизими фаолияти бузилишига олиб келмоқда. Ҳозирда бундай беморларга кам инвазив эндоскопик амалиёт усулларини қўллаш қатор ривожланган хорижий давлатларда амалга оширилмоқда.
Тиббиёт соҳасини ривожлантириш, аҳолига малакали, сифатли ва самарали тиббий ёрдам кўрсатиш учун кенг имкониятлар яратиб берилгани, тиббиёт тизимига қаратилаётган катта эътибор туфайли РШТЁИМ Бухоро филиалида ҳам кам инвазив эндоскопик амалиётлари амалиётга кенг жорий этилмоқда.
Филиалда эндоскопик амалиётларни ривожлантириш мақсадида Жанубий Кореянинг “Song Shim” клиникаси эндоскопия маркази профессори Ким Ён, япониялик профессор Кен Охата, “ELSA” эндоскопистлар ассоциацияси профессори Филип Чо, Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳридаги Павлов номидаги тиббиёт институти профессори А. Смирнов, Тошкент шаҳридаги академик Воҳидов номидаги жарроҳлик маркази профессори Ж. Жуманиязов, республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош эндоскопист мутахассиси М. Ҳошимовлар билан ўзаро касбий ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Куни кеча 1956 йилда туғилган бемор овқат маҳсулотларининг ўтмаслиги, сувни қийин ютиши, кўнгил айниши, қон қусиши, ахлатнинг қора рангда келиши, бош айланиши ва умумий ҳолсизлик каби шикоятлар билан филиал қабул бўлимига мурожаат қилди.
Анамнезидан маълум бўлишича, бемор қизилўнгачнинг ўрта учлиги ўсма касаллиги билан бир неча марта даволанган. Сўнгги йилларда турли тиббиёт муассасаларида мунтазам даволанганига қарамай, ижобий натижа кузатилмаган. Филиал мутахассислари томонидан бемор тўлиқ текширувдан ўтказилиб, унга “қизилўнгач ўрта учлиги ўсмаси, қизилўнгач бўшлиғига ўсиши билан асоратланган, қон кетиши (FIB)” ташхиси қўйилди.
Беморда республикада илк бор мустақил равишда “ELSA” эндоскопистлар ассоциацияси аъзоси, филиал бош эндоскописти А. Ҳайдаров, З. Бафоев, У. Абидов, У. Рўзиевлар томонидан қизилўнгач ўсмасини шиллиқ ва шиллиқ ости диссекция қилиш бўйича кам инвазив мураккаб эндоскопик амалиёт бажарилди.
Операция жараёни хорижий ҳамкор эндоскопист мутахассислар томонидан телемедицина орқали кузатиб борилди. Жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтказилди ва беморнинг ҳозирги аҳволи ижобий бўлиб, меъёрий овқатланиш ва меъда-ичак тизими фаолияти тикланмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати




