“Алоқабанк” вилоят филиали ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлайди
2026-04-03 19:30:00 / Янгиликлар

Бизнес ишига иштиёқманд ёш ташаббускор ёшлар билан Жондор, Ромитан, Вобкент ва Ғиждувон туманларида бўлиб ўтган ўқув-амалий семинарларда “Aloqabank” Бухоро филиали, “Ёшлар — келажагимиз” жамғармаси вилоят бўлими раҳбарлари ўз фикр-мулоҳазаларини баён этишиб, жойлардаги билим юртлари битирувчилари билан очиқ мулоқотга киришдилар. Тадбирларда “Aloqabank” Бухоро филиали ёшлар банки сифатида белгиланганлиги, шунингдек, ёш тадбиркорлар учун махсус молиявий хизматлар ва қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳақида тушунчалар берилди.
—Мазкур қарорга мувофиқ 2025–2027 йилларда “Ёшлар бизнеси” дастури амалга оширилмоқда,—дейди “Aloqabank” Бухоро филиали бошқарувчиси Аловуддин Жамолов.—Бу дастур доирасида жумладан, “Бизнесга биринчи қадам” лойиҳасига мувофиқ 18 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган ижтимоий солиқ тўлаган, ўзини ўзи банд қилган жисмоний шахсларга онлайн шаклда имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга 100 миллион сўмгача кредит маблағи имтиёзли микроқарз сифатида ажратилади.
Шунингдек, “Ёшлар учун иш ўринлари” лойиҳаси асосида ЯТТ сифатида фаолият юритувчи ёш фуқароларга, шунингдек, таъсисчилари ёш фуқаролар бўлган юридик шахс ташкил этган ҳолда фаолият юритувчи кичик тадбиркорларнинг камида 20 та иш ўрни яратишни назарда тутувчи лойиҳаларига имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга 5 миллиард сўмгача сармоя ажратилади. Бу янгилик ва имтиёзлар ҳам бизнесини ривожлантирмоқчи бўлган ёшларимиз учун яхши имкониятдир. Жойларда ташкиллаштирилаётган семинарларда шу хусусида сўз бориб, ёшлар тадбиркорлигини моддий қўллаб-қувватлашга доир манзилли чора-тадбирлар белгиланмоқда.
Худди шундай тадбир ва учрашувлар Бухоро солиқ техникумида, Бухоро илғор касбий маҳорат техникумида, туманлардаги бошқа касб-ҳунар билим юртларида бўлиб ўтмоқда. Муҳими, бу очиқ мулоқотлар ёшларнинг бизнес ташаббусларини ривожлантириш, стартап ва инновацион лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, рақамли технологиялар ва хорижий тилларни ўрганиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади. Банк томонидан тақдим этилаётган имтиёзли кредитлар тўғрисида батафсил маълумот берилаётгани ёшларнинг ўз бизнесини бошлаши, янги иш ўринлари яратиши ва иқтисодий жиҳатдан мустақил бўлишига катта имконият яратади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







