“Янги Ўзбекистон” ислоҳотлари Қоровулбозорда ҳам кенг тарғиб қилинмоқда
2026-04-03 18:35:00 / Янгиликлар

Мазкур тарғибот-ташвиқот тадбирлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўлланган Мурожаатнома, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ҳамда 2026 йил — “Маҳаллаларни ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” давлат дастурида белгиланган устувор вазифаларнинг мазмун-моҳиятини юртдошларимизга оддий ва тушунарли услубда етказилиши билан аҳамиятли.
Худди шундай тарғибот тадбирлари бугун, Қоровулбозор туманида ташкил этилди. Учрашувда ҳокимлик мутасаддилари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, хотин-қизлар фаоллари, ёшлар етакчилари, нуронийлар, таълим муассасалари вакиллари, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
Тадбирда “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раҳбари Самойдин Ҳусенов, “Маънавият ва маърифат” маркази вилоят бўлими раҳбари Зубайдулло Шарипов, Бухоро давлат университети доценти, республика Маърифат тарғиботчилар жамияти аъзоси Жасур Рўзиқулов, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бўлими масъул ходими Хасан Нормуродов, туман ҳокими Ўткир Ҳамроев ва бошқалар сўзга чиқишиб, мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маънавий ислоҳотлар қаторида сўнгги йилларда вилоятнинг кенжа тумани Қоровулбозорда ҳам аҳолининг турмуш даражаси ўсгани, ҳудудда бунёдкорлик ишлари кенг кўламда олиб борилаётгани, айниқса, “Тинчлик”, “Чўлқувар”, “Жарқоқ”, “Бўстон”, “Бўзачи”, “Навбаҳор” маҳаллалари инфратузилмасини ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича фикр-мулоҳазаларини баён этдилар.
Шунингдек, аҳоли, жамоатчилик вакиллари билан бевосита мулоқотда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган устувор йўналишлар, хусусан, иқтисодиётни ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, рақамли технологияларни кенг жорий этиш каби масалалар юзасидан тушунтиришлар берилди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









