"Келажакка қадам" — битирувчилар бандлигини таъминлашда янги босқич
2026-04-03 15:45:00 / Янгиликлар

Навбатдаги очиқ ва самимий руҳда ўтган учрашув университетнинг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Акмал Назаров бошчилигида физика-математика ва ахборот технологиялари факультети битирувчи талабалари ҳамда профессор-ўқитувчилар иштирокида ўтказилди.
Тадбирда “OʻZMILLIYBANK” АЖ Бухоро вилоят бош бошқармаси бошқарувчиси Обид Шодиев иштирок этиб, банк томонидан ёшлар учун ҳаётга татбиқ этилаётган “Келажакка қадам” лойиҳасининг мазмун-моҳиятини атрофлича тушунтириб берди. Мулоқот марказида турган асосий масалалар: битирувчи ёшларни мутахассислиги бўйича иш билан таъминлаш; талабаларнинг касбий маҳоратини ошириш ва амалиёт жараёнларини молиялаштириш; ёшларни қўллаб-қувватлашнинг замонавий механизмлари ҳамда имтиёзли банк хизматлари хусусида сўз борди.
Мулоқот давомида битирувчиларни меҳнат бозорига тайёрлаш ва уларнинг бандлик даражасини оширишга қаратилган янгиликлар ҳам тақдим этилди. Айниқса, ёшларнинг стартап лойиҳаларини амалга ошириш, илмий ишланмаларини тижоратлаштириш ва инновацион ғояларни бозорга олиб чиқиш имкониятлари ҳақида сўз юритилди.
Ёшларга жумладан, career.edu.uz ва vacancy.uz каби электрон тизимлар орқали иш берувчилар билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатиш, мавжуд бўш иш ўринларини кузатиб бориш ва ўз резюмесини жойлаштириш тартиблари ҳақида тушунтириш берилди. Бундай рақамли хизматлар ёш мутахассисларнинг иш топиш имкониятларини янада кенгайтиради.
Шунингдек, вилоятдаги банк муассасалари масъул ходимлари томонидан давлат раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш чоралари ҳақида ҳам тушунчалар берилди. Хусусан, битирувчиларни тадбиркорликка жалб этиш, имтиёзли кредитлар ажратиш ҳамда “Kelajak tadbirkori” дастури доирасида яратилган имкониятлар ёшлар учун катта аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Бу жараёнда олий таълим даргоҳи мутасаддилари мақсади фақат диплом топшириш билан чекланиб қолиш эмас. Ҳар бир битирувчини меҳнат бозорида муносиб ўрнини топиши, рақобатбардош ва ўз бизнесига эга бўлган етук мутахассис сифатида шаклланиши бугунги давр талабидир. Учрашувда ҳар бир битирувчи билан мулоқот қилиниб, уларнинг иш билан таъминланганлик ҳолати, хорижий тилларни билиш даражаси ҳамда келгуси режалари ўрганилди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









