Когон тумани: “Kogon agro saxovat servis” МЧЖ 100 тонна бодринг етиштириш ҳаракатида
2026-04-02 22:40:00 / Янгиликлар
“Тараққиёт” маҳалла фуқаролар йиғинидаги “Kogon agro saxovat servis” масъулияти чекланган жамияти томонидан Корея технологияси асосида барпо этилган иссиқхона хўжалиги кўп йилдирки, сабзавот етиштиришдаги самарали лойиҳалардан бири.

Умумий майдони 3 гектарни ташкил этувчи мазкур иссиқхонада юқори ҳосилдор қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, помидор, бодринг, булғор қалампири, бақлажон, саримсоқпиёз, “тўқсонбости” усулида кўкатлар етиштириб келинади. ирилмоқда. Жумладан, помидорни “Аламино”, бодрингни “Милена” навлари замонавий агротехнологиялар асосида парваришланиб, агротехник тадбирларнинг тўлиқ ва сифатли бажарилиши натижасида юқори ҳосилдорликка эришилмоқда.
Хўжалик меҳнаткашлари мавсум якунига қадар 100 тоннадан ошириб помидор ва яна шунча бодринг ҳосилини йиғиб олиш мақсадида тер тўкмоқдалар. Бу сархил маҳсулотлар аввало ички истеъмол бозорни тўлдириш, экспортга йўналтирилиши ҳам кўзда тутилган.
Иссиқхонада жорий этилган томчилатиб суғориш тизими, юқори сифатли, серҳосил уруғликларни саралаб экиш маҳсулот салмоғи ва харидоргирлигини ошириш, йил давомида узлуксиз ҳосил етиштириш имконини бермоқда. Бу эса туманда озиқ-овқат маҳсулотлари барқарорлигини таъминлаш, нарх-наво мувозанатини сақлаш ва аҳолини сифатли маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини қондиришда муҳим омил бўлмоқда.
Аҳамиятли жиҳати, иссиқхона хўжалигида бугун 30 нафардан ошиқ ишчи, асосан ёшлар ва хотин-қизлар доимий иш ўрни билан таъминланган бўлиб меҳнатларига яраша моддий манфаатга эга бўлмоқдалар. Ҳудудда ишсизликни камайтириш, аҳолининг даромад манбаларини кенгайтиришда бу жуда муҳим. Ҳозирда туман ҳокимлиги ва иссиқхона ташаббускорлари экин ерини кенгайтириш, маҳсулот етиштириш ҳажмини ошириш, қўшимча иш ўринлари яратиш ҳаракатидалар.
Умуман, ҳар йили эрта баҳор мавсумидан Когон туманида ўз томорқасига эга бўлган жами 20 минг 928 та хонадоннинг 2 минг 122 гектарга етган экин ерида 239 гектарда картошка, умумий ҳисобда 1 минг 168 гектарда помидор, бодринг, карам, пиёз, сабзи, булғор қалампири каби сабзавот маҳсулоти, 53 гектарда қовун, тарвуз, қовоқ ва бошқа полиз маҳсулоти, 84 гектарда ловия, мош каби дуккакли ўсимликлар, 4 гектарда соя, кунгабоқар каби мойли экинлар етиштириб келинади.
Айтиш жоизки, ҳудуддаги маҳалла ва қишлоқларнинг барчасида, жумладан, ҳудудлар мисолида олсак, “Ниёзҳожи” МФЙ да 156, "Баҳоуддин Нақшбанд" МФЙ да 152, “Туткунда” МФЙ да 155, “Ўба Чўли” МФЙ да 144, “Сорғун” МФЙ да 115, “Хўжа Якшаба” МФЙда 138, “Тунироқ” МФЙда 118, “Ҳукуматобод” ҳамда “Сиёзпоён” МФЙ ларида 102 гектардан экин ерлари сабзавот, полиз ва дуккакли, мойли маҳсулотлар етиштириш учун ажратилган бўлиб, улардаги иссиқхоналар ва очиқ экин ерларида деҳқончилик ишлари мунтазам бораётганини кўриш мумкин.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









