Кўҳна Бухорода “Насриддин Афанди” ва “Шарқ таомлари” фестиваллари тантана қилинди
2026-04-01 20:15:00 / Янгиликлар
Қадимий ва ҳамиша навқирон Бухоронинг миллий ҳажвия ва юмор қаҳрамони Насриддин Афанди билан боғлиқ афсона ва асотирлар, ҳикоялар, ҳазил-мутойиба халқимизнинг асрлар давомида шаклланган донишмандлиги, топқирлиги ҳамда ҳаётий тажрибасини ўзида мужассам этади.

Насриддин Афанди билан боғлиқ ичакузар ҳангомалар мазмунида нафақат кулги, ҳазил-мутойиба, балки маънавий-маърифий тарбия, кучли зеҳният мужассам бўлиб, ёш авлодни теран фикрлашга, дунёқарашини ўстиришга ундайди.
1 апрель—бутунжаҳон кулги куни муносабати билан кўҳна Бухорода “Насриддин Афанди” ва “Шарқ таомлари” анъанавий фестиваллари тантана қилинди. Жорий йилги фестивал Насриддин Афанди бошчилигидаги иштирокчиларнинг “Пойи Калон” мажмуаси, “Арк” қўрғонидан “Нодир Девонбеги” мадрасасигача бўлган масофага миллий карвон юриши билан бошланди. Эски шаҳар кўчалари бўйлаб янграган миллий куй-қўшиқлар, фольклор этнографик халқ жамоалари, турли эртак қаҳрамонлари, миллий қаҳрамонларнинг қиёфаси акс этган катта-кичик қўғирчоқлар аҳоли, фестиваль меҳмонлари, айниқса, хорижий сайёҳларнинг ҳайратини оширди.
Бой тарихга эга қадим юртнинг туризм салоҳиятини дунё миқёсда кенг намойиш этиш, тарихий қадриятларимиз тарғиботини янада оширишни ўзида мақсад қилган мазкур фестивалга нафақат маҳаллий, балки, чет эллик меҳмонларнинг қизиқишлари ҳам ортиб бормоқда.
“Нодир Девонбеги” мадрасаси олдида фестивалнинг рамзий очилиш маросими ўтказилди. Унда вилоят ҳокимининг ўринбосари Ботиржон Шаҳриёров сўз олиб, фестивалнинг аҳамияти, уни ташкил этиш тарихи ҳақида тўхталди. Йиғилганларни ҳазил-мутойиба, қолаверса, миллий таомлар куни билан қутлади.
Эътироф этилганидек, Насриддин Афанди — халқ оғзаки ижодининг беқиёс тимсоли, заковат ва ҳазил орқали ҳаёт ҳақиқатларини етказувчи сиймо. Унинг ҳикоялари асрлар давомида халқни кулдирибгина қолмай, одамларни ўйлашга, тўғри хулоса чиқаришга ундаб келмоқда.
Шу билан бирга, “Шарқ таомлари” фестивали миллий ошхонамиз ва умуман, Шарқ халқлари пазандалик санъатининг ноёб намуналарини намоён этади. Бу ерда ҳар бир таом — тарих, ҳар бир таъм — маданият, ҳар бир ҳид — анъанадир.
Бунда меҳмонлар турли халқлар ошхонаси билан яқиндан танишиб, уларнинг ўзига хос жиҳатларини ҳис қилиш имкониятига эга бўладилар. Мана, 10 йилдирки, Бухорода зўр тантана қилинаётган бу тадбирлар нафақат маданий меросимизни тарғиб қилиш, балки халқлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Бунда меҳмонлар турли халқлар ошхонаси билан яқиндан танишиб, уларнинг ўзига хос жиҳатларини ҳис қилиш имкониятига эга бўладилар. Мана, 10 йилдирки, Бухорода зўр тантана қилинаётган бу тадбирлар нафақат маданий меросимизни тарғиб қилиш, балки халқлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Фестиваль доирасида “Гавкушон” мажмуасида бўлиб ўтган “Шарқ таомлари” танлови ҳам эсда қоларли бўлди. Унда Бухоронинг “софи оши” билан танилган зўр ошпазлари ўзаро баҳсларга киришиб, меҳмонларни миллий таомлар билан сийладилар.
Кун бўйи тадбирларда хорижий ва маҳаллий саёҳатчилар, меҳмонлар эътиборига ҳавола этилган миллий ҳунармандчилик ҳамда анъанавий таомлар кўргазмалари, концерт дастури, кўнгилочар чиқишлар, жумладан, вилоятдаги фольклор этнографик жамоалари, шаҳар ва туманлар бадиий жамоалари, “Бухоро мавжлари” ансамбли, “Афанди шай” қизиқчилар жамоаси чиқишлари барчага байрамона кайфият улашди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









