Когон: темирйўлчилар тумани гулга бурканмоқда
2026-04-01 18:40:00 / Янгиликлар

Айни кунда маҳаллада амалга оширилаётган ободонлаштириш, таъмирлаш-тиклаш ишлари ҳавас қилгулик. Ижтимоий реестрга киритилган фуқароларни ўрганиш, аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаб, кредит ва субсидиялар ажратилишида кўмаклашиш, доимий даромад манбаига эга бўлмаган ишсиз аҳолини касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, бандлигини таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Айниқса, февраль, март ойларида темирйўлчилар тумани янада кўркам қиёфага кирди. Тоза-ораста маҳалла ва кўчалар анвойи гулларга буркангани кўзни қувнатади, дилни яйратади. Ажиб манзара қалбларга хуш кайфият олиб киради.
Тасвирда кўриб турганингиз, бу турфа гуллар айни қишнинг совуқ кунларида етиштирилган. Бунда Когон шаҳар ободонлаштириш бошқармаси меҳнаткашларининг ҳам алоҳида жонбозлиги бор. Жорий мавсумда бошқарма тасарруфидаги 3 гектарли боғда ташкил қилинган, ҳар бири 4 сотихдан иборат 4 та иссиқхонада етиштирилган 300 минг туп гул кўчати парваришланган.
Иссиқхонада кийикшохи, гулоб, қуёш, петун, бананза, салвия, қўқонгули, гирон, шафран, тайгиз, салвия каби 12 турдаги мавсумий гул кўчатлари етиштирилмоқда. Эрта баҳорда шаҳарнинг кўча ва хиёбонлари айнан шу гуллар билан безатилган. Иссиқхоналарда бўлиб, гул етиштириш жараёни билан танишган вилоят мутасаддилари эса гул етиштирувчи хўжаликлар тажрибасини бошқа ҳудуд ва маҳаллалар бўйлаб оммалаштириш чораларини кўрмоқдалар.
Қолаверса, Когонда ҳам мавжуд инфратузилмани модернизация қилиш, замонавий муҳандислик-коммуникация тармоқларини барпо этиш ва мавжудларини реконструкция қилиш борасида муҳим лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Ичимлик суви, электр энергияси, газ таъминоти ҳамда йўл-транспорт тизимини яхшилашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар натижасида аҳоли учун янада қулай ва замонавий яшаш муҳити яратилмоқда. Муҳими, “яшил ҳудуд”лар ва дам олиш масканлари барпо қилиниши аҳоли турмуш даражаси ва ҳаёт сифати ошишига хизмат қилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









