“Яшил макон”: Хонободда вилоят ҳокимлиги боғи барпо қилинмоқда
2026-04-01 18:15:00 / Янгиликлар

Шу нуқтаи назардан, вилоятимизда бу хайрли тадбир Бухоро туманидаги “Хонобод” маҳалла фуқаролар йиғинида, халқаро аҳамиятга эга “М-37” русумли автомобил йўли бўйида тайёрланган 5 гектардан иборат ер майдонида кенг қулоч ёйди. Кўчат ўтқазиш тадбирида вилоят ҳокими Ботир Зарипов бошчилигида масъул мутасаддилар, Республика Олий Мажлиси Парламентига вилоятдан сайланган депутатлар, жамоатчилик вакиллари, вилоятдаги давлат ташкилот ва идоралари раҳбарлари, ёшлар, хотин-қизлар ҳамда маҳалла фаоллари иштирок этдилар.
Вилоят раҳбари тадбир аввалида таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 25 мартдаги “Яшил макон” умуммилий лойиҳаси самарадорлигини янада ошириш чора тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-47-сонли Фармони ижроси доирасида Бухоро туманида 100 гектар ер майдонида Дендрология боғи ҳамда 100 гектар ер майдонида Ботаника боғини барпо этиш мақсад қилинган.
Умуман, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бошланган давр—2021 йил куз мавсумидан бошлаб, бугунга қадар биргина Бухоро вилоятида 65 миллион туп атрофида дарахт ва бута кўчатлари ўтқазилган. Вилоят шаҳар ва туманларидаги 25 та ҳудудда 28,7 гектар ер майдонида “Яшил боғ”лар ташкил қилиниб, уларда 10 минг тупдан ортиқ манзарали дарахт ниҳолари экиб парваришланмоқда.
Аҳолининг дам олишлари учун қулай шарт-шароит, кўкаламзор, сўлим маскан яратиш мақсадида Бухоро шаҳрига туташ бўлган Бухоро туманининг “Боғидашт” МФЙ ҳудудида 43 гектар майдонда “Янги Ўзбекистон” боғи ташкил этилиб, унда 20 минг туп дарахт ва бута кўчатлари ўтқазилиб, “яшил” майдон барпо этилаётгани қувонарли, албатта.
Шунингдек, Бухоро, Когон ва Қоровулбозор туманларидан ўтувчи “А-380” русумли халқаро автомобиль йўлининг адирликдан иборат 30 километр узунликда “Яшил белбоғ”лар ташкил қилиниб, 5 қатордан 10 қаторгача дарахт ва бута кўчатлари ўтқазилиб, Корея тажрибаси асосида суғориш тизими йўлга қўйилгани ўзига хос микроиқлим яратиши табиий.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида айни кунда вилоят миқёсида “Менинг боғим” дастури амалиётга жорий қилинаётган бўлиб, бунда ҳар йили 13 та шаҳар ва туманда майдони 0,5 гектардан кам бўлмаган “Яшил боғ”лар барпо қилиш ташаббуси уюшқоқлик ва ҳамжиҳатликда олиб борилмоқда.
Жамоатчилик ҳашарига айланган бугунги тадбирда эса Хонободдан танланган 5 гектар ер майдонига вилоят мутасаддилари, хотин-қизлар, жамоатчилик вакиллари, ёшлар қўли билан маҳаллий иқлим шароитига мос манзарали дарахт ниҳоллари, жумладан, 300 тупдан қайрағоч ва садақайрағоч, 200 тупдан катальпа ва тут, 100 тупдан шумтол ва япон сафораси каби кўчатлар ўтқазилди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









