Олот: "Veltonix" МЧЖда 100 нафар тикувчи аёл бандлиги таъминланмоқда
2026-04-01 16:45:00 / Янгиликлар

Маҳаллада биргина тадбиркор Фаррух Асқаров ташаббуси билан ташкил қилинган “Orlot Tex fayz” МЧЖ фабрикаси айни кунда ўттиздан ортиқ чеварни бирлаштирган бўлиб, барқарор иш туфайли шунча оила моддий манфаатдорлигини таъминламоқда.
Шунингдек, оилавий тадбиркорликда Ғафур Шеров ва Озод Абдуллаевлар уй шароитида цех очиб, сим тўр тайёрлаб чиқараётган бўлсалар, яна бир ёш ташаббускор Бобожон Худдиев ҳокимнинг маҳалладаги ёрдамчиси тавсияномаси асосида 100 миллион сўм имтиёзли кредит маблағини олиб, қурилишбоп шлакоблок ишлаб чиқаришни йўлга қўйган.
Қишлоқ хўжалигида эса Муҳаммад Темиров оиласи аъзолари билан биргаликда 1,5 гектарли боғини яшнатиб, асосан олманинг бир неча хил серҳосил навидан етиштириб келади. Қатор ораларида эса тонналаб картошка, помидор, пиёз, булғор қалампири каби сабзавот етиштириш тажрибаси ўзлаштирилган.
Айни кунда "Шайхлар" маҳалласида яна бир корхона “Veltonix” МЧЖ ҳам фаолият бошлаганига кўп бўлмади. Мазкур корхона томонидан 100 нафар хотин-қиз иш билан таъминлангани бундаги иш ҳажми, меҳнат жамоаси эришаётган даромаддан далолат.
Корхона раҳбари Аброр Худойбердиевнинг таъкидлашича, ҳозирда корхона замонавий русумдаги асосан Хитой технологияси билан жиҳозланган бўлиб, иш ҳажмини ошириш ҳисобидан яна қўшимча 30 та янги иш ўрни яратиш чоралари кўрилмоқда.
Айни кунда “Veltonix” МЧЖда асосан эркаклар учун 4 турдаги футболкалар тикиб тайёрланмоқда. Корхона маҳсулоти нафақат ички бозор, балки Россия, Италия ва Туркия давлатларига ҳам экспорт қилинмоқда. Ҳозирда корхона бир ойда 100 минг дона тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, ўз бозорини йўлга қўйган. Энг муҳими, илгари ишсиз бўлган қишлоқ аёллари бугун доимий иш ўрнига эга бўлиб, ўз оилаларига моддий-маънавий кўмак беришмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









