Бухоро тумани: “Хонобод” маҳалласида “Robiya Kids Academy” болажонлар ихтиёрига топширилди
2026-03-31 16:55:00 / Янгиликлар
Сўнгги ҳафталарда “Кўчкўмар” маҳалла фуқаролар йиғини, Сафкарда қишлоғида фаолият юритиб келаётган 5-сонли умумтаълим мактабининг бўш турган биноси негизида 50-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди. Эндиликда “Туркон” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли, туман марказидан узоқда жойлашган Кулуштурум қишлоғидаги ота-оналарнинг ҳам кўп йиллик орзу-истаклари рўёбга чиқиб, жажжи фарзандлари учун мкониятлар эшиги очилди.

Ҳудуддаги 12-сонли умумтаълим мактабининг бўш турган хоналарида 4-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотининг 60 ўринли филиали ўз фаолиятини бошлагани кулумшурумликларни жуда хурсанд қилди. Баҳор айёми, Наврўз байрами кунларида болажонлар ихтиёрига топширилган бу икки муассаса ҳудудда мактабгача таълим қамровини кенгайтириш, болажонлар учун қулай шарт-шароит яратиш йўлида муҳим қадамлардир.
Куни кеча “Хонобод” маҳалласида яна бир мактабгача таълим муассасаси “Robiya Kids Academy” оилавий мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди. Ушбу таълим маскани 50 нафар жажжи ўғил-қизга мўлжалланган бўлиб, улар учун масканда барча зарур шарт-шароит ҳозирланган. Жумладан, шинам ётоқхона ва ошхона, машғулот хоналари, ўйин майдончаси, керакли ўқув воситалари ва инвентарлар, санитария ва иситиш тармоғи шай қилинган.
Болалар учун замонавий таълим дастурлари, қизиқарли машғулотлар ҳамда малакали устозлар томонидан сифатли таълим йўлга қўйилган муассасани фойдаланишга топшириш тадбирида туман масъуллари, маҳалла фаоллари, жамоатчилик вакиллари ҳозир бўлдилар. Самимий табрикларга бой бўлган тадбирда сўзга чиққанлар болажонлар ва улар ота-оналарини қизғин муборакбод қилишиб, эртамиз эгалари таълим-тарбиясига қаратилаётган эътибор хусусида тўхталдилар.
Иншоот рамзий алвон лентаси қирқилгач, йиғилганлар оилавий мактабгача таълим ташкилотида яратилган шарт-шароит билан яқиндан танишдилар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







