Ғиждувон: туманлараро перинатал марказининг янги гинекология бўлими иш бошлади
2026-03-30 16:35:00 / Янгиликлар
Вилоятимизнинг олис ва чекка ҳудудларида малакали тиббий хизматни йўлга қўйиш, аҳоли узоғини яқин, мушкулини осон қилиш, аҳоли саломатлигини муҳофаза этиш мақсадида Ғиждувон туманида ҳам тиббиёт бирлашмаси ва унинг таркибидаги поликлиника ва тиббиёт пунктлари, филиаллари фаолияти такомиллаштирилмоқда.

Ҳудудда тиббий хизмат сифатини яхшилаш мақсадида аҳолига давлат томонидан кафолатли бепул тиббий ёрдам кўрсатилишини таъминлайдиган, кечиктириб бўлмайдиган тиббий хизмат кўрсатишнинг яхлит тизимини ташкил этишга эътибор кучайтирилган.
Жумладан, республика ҳукумати ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги кўмаги билан ўтган йили аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тизимини янада ислоҳ қилишнинг муҳим йўналишларидан бири, қолаверса, юқори технологик ва самарали тизимни шакллантиришнинг амалий ифодаси сифатида туман тиббиёт бирлашмасининг марказий касалхонасига жами 53 турдаги, умумий қиймати 4,5 миллиард сўмга тенг бўлган 425 дона замонавий тиббий асбоб-ускуна етказиб берилган.
Бугунга келиб эса вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига қарашли Ғиждувон туманлараро перинатал маркази таркибида 28 бемор ўрнига эга янги гинекология бўлими мукаммал таъмирдан чиқарилиб фойдаланишга топширилгани хайрли мақсад йўлидаги саъй-ҳаракатнинг узвий давомидир.
Янги бўлим хотин-қизларга юқори малакали хизмат кўрсатишга ихтисослашган бўлиб, унда консерватив ва жарроҳлик амалиётлари йўлга қўйилган. Жумладан, мураккаб тиббий операциялар, бепуштлик ва турли гинекологик касалликларни даволаш имконияти яратилган. Бўлим фаолиятини талаб даражасида юритиш учун 2 нафар шифокор ишга қабул қилиниб, умумий 17 нафар тиббиёт ходимининг бандлиги таъминланмоқда.
Ўтган ойларда мазкур бўлим жойлашган бино замонавий талабга мос равишда мукаммал реконструкция қилиниб, 41 турдаги зарур тиббий ускуна ва жиҳозлар билан таъминлангани, муассасага умумий ҳисобда 684 миллион сўм маблағ эвазига керакли инвентарлар олингани эндиликда аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатилиши мақсадга мувофиқ, албатта.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






