Вобкент: "Яшил макон" умуммиллий ҳаракати доирасида шу йил дастлабки чорагида 540 минг туп дарахт ниҳоли ўтқазилди
2026-03-30 16:30:00 / Янгиликлар

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бошланган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида туманда ҳам ниҳол ўтқазиш, “яшил ҳудуд”ларни барпо этиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бу хайрли лойиҳа бошлангандан буён туманда 500 мингдан ортиқ мевали, манзарали дарахт кўчатлари ва қаламчалар ўтқазилиб парваришланмоқда.
Туман экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бўлими маълумотларига биноан, ҳудудда жорий йил қишки мавсумидан бошлаб шу кунга қадар жами 540 минг 330 туп мевали, манзарали дарахтлар кўчати, бута қаламчалари ва гуллар ўтқазилган.
Шундан ҳудудда пахтачилик ва ғаллачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари, агрокластерларнинг далалари четларида иҳота дарахтзорларни барпо қилиш мақсадида ўтқазилган кўчатлар 181 минг тупдан зиёдни, боғ- токзорлар барпо этиш мақасадида ўтқазилган кўчатлар сони 50 минг тупдан ошиқни, маҳалла фуқаролар йиғинлари ва аҳоли томорқалари атрофида ўтқазилган кўчатлар сони 137 минг атрофида, ободонлаштириш бошқармаси ҳудудида кўкаламзорлаштириш учун ўтқазилган кўчатлар сони эса 27 мин тупдан ортиқни ташкил этмоқда.
Бундан ташқари, туманда автомобиль йўллари бўйларига 40 минг туп, каналлар, ариқлар ва зовурлар бўйларига 15 минг туп, атроф-муҳитга таъсир хавфи “юқори” ва “ўрта” даражадаги хавфли тоифаларга мансуб саноат корхоналари томонидан “яшил белбоғ”лар барпо этиш мақсадида 20 минг 700 туп, мактабгача ва мактаб таълими муассасалари ҳамда уларга туташ ҳудудларга 7 минг туп, соғлиқни сақлаш иншоотлари ва уларга туташ ҳудудларга 4 минг 900 туп дарахт ниҳоллари ўтқазилиб, талаб даражасида парваришланмоқда.
Айни кунларда ҳам бу борадаги ишлар қизғин давом этмоқда. Кўчат экиш, кўкаламзорлаштириш ишларида тумандаги меҳнат жамоалари ишчи-ходимлари, жамоатчилик вакиллари фаол иштирок этмоқдалар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









