Когон: фермер хўжаликлари 300 гектардан ошиқ ерда картошка етиштирмоқда
2026-03-30 15:10:00 / Янгиликлар

Маълумотлардан кўринишича, айни кунда туманда аҳоли томорқалари, деҳқон ва фермер хўжаликларида жами 674 гектар майдонда “иккинчи нон”, яъни, серҳосил навларга хос картошка етиштиришга аллақачон киришилган. Агротехник тадбирлар агрономлар тавсияларига биноан юқори савияда, уюшқоқлик билан олиб борилмоқда. Биламизки, сабзавот етиштиришда минераллар сифатида айниқса, азот, фосфор ва калий — асосий ўрин тутади. Ушбу элементлар ўсимликнинг ўсиши, ривожланиши ва юқори ҳосил бериши учун муҳим ҳисобланади.
Жумладан, тумандаги қарийб 160 та фермер хўжалиги томонидан 300 гектардан ортиқ очиқ майдонда картошка етиштириш йўлга қўйилмоқда. Шу билан бирга, деҳқон хўжаликлари томонидан 374 гектар майдонда картошка экилиши режалаштирилган бўлиб, бу орқали ҳудудда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари тайёрлаш ҳажмини янада ошириш кўзда тутилган.
Экин ери ресурсларидан самарали фойдаланиш мақсадида айни пайтда тумандаги 400 гектардан ортиқ боғ ва токзор оралиғида сабзавот, полиз ва дуккакли экинларни жойлаштириш ишлари ҳам амалга оширилмоқда. Бу эса нафақат экин ерлари самарадорлигини ошириш, балки хўжаликлар учун қўшимча ҳосил олиш имконини ҳам яратмоқда.
Шу кунларда “Барака Сафо” фермер хўжалигида 2 гектар майдонда, “Когон Ахтам Аслбек” фермер хўжалигида 1 гектар ерда, “Боғи Сараён” масъулияти чекланган жамиятида 4 гектарли контурда уруғлик картошка қадаб, агротехник ишлар давом эттирилмоқда. Деҳқон миришкорлар уч ойлик меҳнат маҳсули, ҳар гектар ердан 300 центнер, яъни 30 тоннага етказиб картошка ҳосилини олишни мақсад қилишган.
Маълумот учун, мавсумда бутун республика ҳамда вилоятимиз далаларида картошканинг “Розара”, “Санте”, “Алвара”, “Аринда”, “Белуга”, “Пском”, “Кондор”, “Драга”, “Карлена”, “Латона”, “Палма”, “Марфона”, “Пикассо”, “Романо” каби ўртапишар ва ўрта кечпишар – “Тўйимли”, “Диамат”, “Симфония” каби қатор серҳосил навлари экиб етиштирилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









