Шофиркон: “Тезгузар”да янги мактабгача таълим маскани қурилмоқда
2026-03-28 13:00:00 / Янгиликлар

Қарор доирасида ҳудудда таълим, соғлиқни сақлаш, ичимлик суви, йўл ва бошқа инфратузилма лойиҳалари амалга оширилмоқда. Жумладан, Мирзоқул, Хоркаш, Тезгузар, Дўрмон ва бошқа маҳалаларда таълим муассасалари янгиланмоқда. Бунда асосий эътибор таълим соҳасини ривожлантиришга, мактабгача ва умумтаълим муассасаларини модернизация қилишга қаратилган. Қарор асосида нафақат бино-иншоотларни реконструкция қилиш, балки қўшимча ўқув бинолари, спорт иншоотларини барпо этиш орқали ўқувчилар учун қулай шарт-шароитни яратиш назарда тутилган.
Аҳоли сони ортиши баробарида “Тезгузар” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам болалар боғчасига эҳтиёж кучайган, бу борада ҳудуд фаоллари, ота-оналар мурожаатидан келиб чиққан ҳолда ўтган йили маҳаллада 90 ўринли янги мактабгача таълим муассасаси қурилиши лойиҳалаштирилган.
Айнан Тезгузарда бугунга келиб 1030 та хонадон бўлиб, уларда жами 5 мингдан ортиқ аҳоли умргузаронлик қилмоқда. Ҳудудда мактабгача таълим билан қамраб олинмаган қарийб 185 нафар жажжи ўғил-қиз рўйхатга олинган. Янги муассасанинг барпо этилиши эса мазкур муаммони ҳал этиш, болалар қамровини ошириш ҳамда ота-оналар учун қулайлик яратишга хизмат қилади.
Лойиҳага келсак, мазкур иншоот 20-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотига қўшимча бино, филиал сифатида барпо қилинаётган бўлиб, унинг моддий қиймати 3 миллиард 400 миллион сўмни ташкил этмоқда. Ҳозирда бу ерда пудратчи корхона бинокорлари қурилиш ишларини олиб боришмоқда. Туман ҳокимлиги масъуллари эса қурилиш сифати, лойиҳани ўз муддатида тўла-тўкис, талаб даражасида амалга ошириш юзасидан назорат ишларига эътибор қаратишмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати




