Пешку: Ниёз бобо табаррук 90 ёшида ҳам томорқа боғидаги меҳнати билан кўпларга ибрат
2026-03-27 18:55:00 / Янгиликлар

Ҳовлиси этагидаги оз эмас, нақ 70 сотихдан иборат томорқа ерининг ҳар қаричини хазина деб билган Ниёз бобо кўп йилдирки, бунда ажиб боғ яратиб, кўпларнинг орзу-ҳаваси ва олқишини қозонган.
Ниёз бобонинг хонадонида барпо этилган боғда бугун 1 минг тупга яқин мевали дарахт ниҳоллари парвариш қилинган бўлиб, боғдорчиликка қизиққанлар у кишидан пайванди, сархил мевали дарахт ниҳолини топишлари мумкин. Мавжуд боғдаги дарахт ниҳолларининг қарийб 600 тупини тўрт хил навдаги гилос дарахтлари ташкил этади.
Худди шундай, 50 тупга яқин шафтоли ва олхўри, 20 тупдан ортиқ олча, кўксултон, 60 тупга яқин ўрикнинг турли хилларига мансуб дарахти, яна камёб Хитой ва Тибет ноки навидан 70 тупга яқин, қолаверса, 5 туп ёнғоқ дарахти ҳам парвариш қилинмоқдаки, пишиқчилик мавсумида ширага тўладиган бу боғ ҳосилини йиғиб-териб, саранжомлаш учун бир оила аъзоларининг меҳнати камлик қилади.
Бундан ташқари, боғнинг бир қисми 100 тупга яқин узумзор-токзордан ташкил топган бўлиб, ҳар йили бундан қора кишмиши, ҳусайни, тойфи, беҳишти каби серҳосил узум навларидан баракали ҳосил олинади. Танти деҳқон фарзанди эмасми, Ниёз бобонинг боғидан чиққан мўл ҳосилдан нафақат бир-икки оила, балки, бутун қишлоқ, маҳалла аҳли бирдай баҳраманд десак, муболаға эмас.
Эътиборлиси, табаррук ёш, бу йил тўқсонинчи баҳорини қарши олган отахон томорқа ва ундаги боғ ишидан асло чарчамайди, аксинча, завқ олади. Фарзандлари, невара, чеваралари олдида ўзини дадил тутиб, мададкор бўлади.
Боғдорчилик билан бирга қатор орасида экин-тикин, оғилхонада чорва моллари, товуқлар парвариши, ҳатто асаларичилик билан ҳам фаол шуғулланаётган отахон ва унинг меҳнаткаш хонадони аъзолари жонбозлигини ҳар қадамда кўриш мумкин.
Оғилхонасида 4 бош қорамоли, 6 бош қўйи, соғин сигири, бўрдоқига боқилаётган ҳўкизларидан ташқари, айни пайтда товуқхонасида парваришлаётган паррандаси сонини 50 бошга етказишибди. Ҳар куни соғин сигирдан 12 литр атрофида сут соғиб олинмоқда. Асаларичилик меҳнати ҳам алоҳида мавзу. Аввалига боғдаги дарахт, ниҳолларни чанглатиш учун асаларичиликка қўл урилган бўлса, эндиликда 5 та асалари уясидан йилига икки марта, 200 килограм атрофида сара асал йиғиб олинаётгани ҳам бир оила моддий манфаатдорлигини таъминламоқда.
Ҳа, Ниёз бобонинг ибратли ҳаёт йўли, ерга бўлган меҳр-муҳаббати ёшлар учун чинакам ибрат мактабидир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






