Қоровулбозор: “Ark eko klaster tekstil” МЧЖ янги ер ва ариқлар очиш, экиш ишларини бошлаш ҳаракатида
2026-03-27 15:50:00 / Янгиликлар
Яқин тарихини олсак, Қоровулбозор деганда кўпчиликнинг кўз олдига чўл, саксовул ва барханлардан иборат тепаликлар келар эди. Бугунга келиб эса бу туман саноатчилар шаҳри, дала-деҳқончилик ишларида пешқадам ғалакор ва пахтакорлар манзилига айланган. Ҳудуд ҳар соҳада тубдан ўзгариб, янгиланиб, обод бўлиб бораётгани кўзни қувнатади.

Айни кунда вилоятнинг кенжа туманидаги “Навбаҳор”, “Тинчлик”, “Бўзачи”, “Бўстон”, “Жарқоқ”, “Имом Бухорий” ҳамда “Чўлқувар” маҳалла фуқаролар йиғинларида истиқомат қилаётган оила сони 6 мингтага яқинлашган бўлса, чўлқуварлар заминини яшнатиб, обод қилаётган аҳоли сони қарийб 25 мингга етгани ҳудуд гавжумлашаётгани, одамлар турмуш даражаси ошаётгани далолатидир.
Ҳудуд ишлаб чиқариш ва саноат билан биргаликда қишлоқ хўжалигида ҳам ривожланишнинг янги босқичга чиққанлигини кўришимиз мумкин. Қоровулбозорлик миришкор деҳқонлар ўз меҳнати билан халқимиз дастурхонини сифатли ва арзон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан бойитишга хизмат қилмоқалар. Қолаверса, ҳар бир кўча ва қишлоқда экин ерини ардоқлаб, ҳар қаричидан баракали ҳосил етиштираётган миришкор оилалар сафи кенгаймоқда. Бу ҳам хонадонлар моддий манфаатдорлигини ошириб, рўзғор кундалик эҳтиёжларини қоплашнинг мақбул йўли, албатта.
Ўзига хос иқлими, тупроқ шароитига эга туманда 150 дан ошиқ фермер хўжалиги томонидан ҳар йили 14 минг тонна атрофида саноат учун қимматбаҳо пахта хом ашёси, яна 20 минг тоннадан зиёд сара буғдой етиштириб келинмоқда. Биргина “Чўлқувар” ҳудудини олсак, "Умид Полвон", "Фахриддин Фаёзбек", "Зиёдулло Мансур", "Жамшид Жавоҳир Иймона" "Фазо БЗШ", "Бойжонбой" каби фермер хўжаликлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда туман иқтисодиётига муносиб ҳисса қўшиб келишмоқда.
Ҳудудда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш, деҳқончилик машаққатларини енгиллаштириш мақсадида экин ерларини кенгайтириш билан бирга сув таъминотини янада яхшилаш чоралари кўрилмоқда. Бу жараёнда сув тармоқлари, гидроиншоотлар, ариқ ва каналлар ўзанини бетонлаштириш орқали “оби ҳаёт” сарфини, исрофгарчилигини камайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу кунларда “Ark eko klaster tekstil” МЧЖ томонидан “Чўлқувар” ҳудудидаги ички ариқлар лойқадан тозаланиб, шундан 2 минг метрдан ошиқ қисми ўзани бетонлаштирилди. Мазкур агрокластер томонидан жорий йилда 200 гектарга яқин экин ерини ўзлаштириш, юқори унумдор оғир техника воситалари, булдозер ва бошқа механизмлар ёрдамида лазерли текислаш ҳамда тажриба-синов тариқасида чигит экишга тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







