Когон: "Kogon Axtam Aslbek" фермер хўжалигида ҳам ғалла агротехник тадбирлари авжида
2026-03-27 15:45:00 / Янгиликлар

Хусусан, ғалла экинларини ўз вақтида минерал ва маҳаллий ўғитлар билан озиқлантириш, шунингдек, суғориш ишларини “шарбат” усулида ташкил этиш орқали ўсимликларнинг вегетатив ривожланиши қўллаб-қувватланмоқда. Бунда агротехник тадбирларнинг ўз муддатида ва сифатли бажарилишига алоҳида эътибор қаратилиб, ҳар бир дала, контур миқёсида назорат кучайтирилган.
Маълумотларга кўра, туманда жами 261 та фермер хўжалиги томонидан 4 минг 511 гектар майдонда ғалла парваришланмоқда. Мазкур майдонларда олиб борилаётган изчил ишлар натижасида экинларнинг барқарор ўсиши таъминланиб, яқин ойларда мўл ва сифатли ҳосил етиштириш учун мустаҳкам замин яратилмоқда.
Туман ғаллакорлари жорий йилда ҳар гектар ҳосилдорлигини ўртача 70 центнердан ошириш, яъни ялпи сара буғдой хирмонини 31 минг тоннага етказишни мақсад қилишган. Аҳамиятлиси, бу ҳосилнинг ярмидан ортиғи фермер хўжаликлари меҳнат жамоалари моддий манфаатдорлиги учун сарфланади.
Шу кунларда туманнинг “Баҳоуддин Нақшбанд” ҳудудидаги "Когон Ахтам Аслбек" фермер хўжалиги меҳнаткашлари ҳам 40 гектар ерда сара навли ғалла етиштирмоқдалар. Жамоа агротехник тадбирларни кечиктирмасдан, талаб даражасида олиб бормоқда. Бор куч ва имконият мавжуд контурлардан йиғиб олинадиган ғалла салмоғини 300 тоннага етказишга қаратилган. Ўтган йиллар тажрибасидан кўринишича, жамоа миришкорлари бу хирмонни қатъий меҳнат, ҳаракат билан эмин-эркин уддалайдилар.
Эрта баҳордан далада ғалла парваришида фермер хўжаликларига ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги туман бўлими мутахассислари ҳам яқин кўмакчи бўлишмоқда. Дала шароитлари мунтазам ўрганилиб, фермерларга турли касалликлар, зараркунанда ва ҳашаротларга қарши биологик курашиш борасида амалий тавсиялар берилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







