Ромитан: тиббиёт бирлашмасида “Рақамли соғлиқни сақлаш маркази” очилди
2026-03-27 15:40:00 / Янгиликлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 5 майдаги “Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш ва тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш тўғрисида”ги Фармони ҳамда 2021 йил 25 майдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасини комплекс ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида вилоятимизда диққатга сазовор ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Ромитан туман тиббиёт бирлашмасида “Рақамли соғлиқни сақлаш маркази” барпо қилингани ҳам юқоридаги саъй-ҳаракат самарасидир. Зеро, бугун хал хўжалиги барча тармоқларида инновациялар, рақамли трансформация жараёни кечаётган экан, соғлиқни сақлаш тизимидаги янгиланиш ва изчил ислоҳотлар бундан мустасно эмас. Буни тиббиётда эришилаётган ютуқлар мисолида ҳам кўриш мумкин.
“Рақамли соғлиқни сақлаш маркази” иншооти очилишида республика соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари О. Омонов, шунингдек, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва туман тиббиёт бирлашмаси масъул мутасаддилари, жамоатчилик вакиллари, шифокорлар ва ахборот технологиялари мутахассислари иштирок этдилар.
Эътироф этилганидек, бугун шифокорнинг қабулига ёзилиш, ташхис натижаларидан хабардор бўлиш ёхуд масофадан тиббий маслаҳат олиш каби хизматлар электрон тарзда амалга оширилаётгани аҳолига катта қулайлик яратмоқда. Айтиш лозимки, қарийб 155 минг аҳоли вакили истиқомат қилаётган тумандаги барча тиббиёт муассасаларида ҳам рақамлаштириш ишлари жадал давом эттирилмоқда. Марказ фаолиятини талаб даражасида ташкил этиш учун ўтган 2025 йилда умумий қиймати 1 миллиард 50 миллион сўмга тенг компьютер техникалари, моноблок, рангли принтер, сканер, планшет ва бошқа ускуналар харид қилинган.
Ўз навбатида, марказ рамзий лентаси қирқилган тадбирда янги ташкил этилган мазкур ситуацион марказнинг тиббиёт бирлашмасига қарашли барча бўлимлари, оилавий поликлиникалар ва оилавий шифокорлик пунктлари фаолиятини марказлашган ҳолда мониторинг қилиш, таҳлилдан ўтказиш ва тезкор бошқарув қарорларини қабул қилиш имконини бериши алоҳида таъкидланди.
Ушбу марказ республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги Рақамли соғлиқни сақлаш маркази билан интеграция қилинган.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати





