Қоракўл: Ташаббус маҳалласидан ўтган ариқ ўзани ҳам бетонлаштирилмоқда
2026-03-26 16:20:00 / Янгиликлар

Туман миқёсида олсак, ирригация ва мелиорация тармоқларида иш айни қизиган қишки мавсумда биргина кеч куз ва қишки мавсумда ҳудудда умумий узунлиги 130 километрдан зиёд ички тармоқ ариқларини бетонлаштириш чора-тадбирлари бажарилган. Сарибозор, Зиёрат, Расулобод, Боғиканда, Қораҳожи каби ўнлаб канал ва ариқлар ўзани бетонлаштирилгани ҳудуддаги юзлаб гектар экин ерини “оби ҳаёт”га қондиришда долзарб аҳамият касб этмоқда.
"Ташаббус" маҳалла фуқаролар йиғинидан ўтувчи “Марказий ариқ” сув иншооти ҳам ҳудуддаги фермер хўжаликлари ҳамда аҳоли ихтиёридаги қарийб 1200 гектар экин ерини суғориш учун муҳим гидроиншоот ҳисобланади. Аммо, ўтган йилги деҳқончилик мавсумидан сўнг сув йўли ўзани лойқа ва хас-хашакка тўлиб қолгани сабабли деҳқон ва томорқа ер эгалари, фермер хўжаликлари ташвишига ташвиш қўшилиб, ерларни суғоришда қийинчилик туғдирганди.
Хусусан, сувнинг тупроққа сингиб кетиши, шунингдек, ариқни йилига 2–3 маротаба механизмлар ва ишчи кучи ёрдамида лойқа ҳамда чўкиндилардан тозалаш зарурати аҳоли ва фермерлар учун ортиқча меҳнат ва харажат талаб этгани ҳам табиий. Эндиликда ана шу муаммо босқичма-босқич бартараф этилмоқда.
Шу кунларда туман “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси томонидан ариқнинг 2,5 километр узунликдаги ўзани қисмида бетонлаштириш ишлари жадал бошланган. Механизациялашган жамоа томонидан гидроиншоотни қайта қуриш, сув ўтказиш имкониятини яхшилашга доир ишларини сифатли ва белгиланган муддатда якунлаш чора-тадбирлари кўрилмоқда.
Албатта, ариқ ўзани бетонланиши, аввало, бебаҳо табиий неъмат бўлган сувнинг беҳуда йўқолиши олдини олишга хизмат қилади. "Ташаббус" маҳалласи аҳолиси учун ҳам томорқа ери, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш асосий даромад манбаи саналади. Шу боис, амалга оширилаётган бу ишлар нафақат деҳқонлар меҳнатини енгиллаштиради, балки ҳосилдорликни оширади, аҳоли дастурхони тўкинлигини таъминлашда муҳим воситадир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати



