Когон: йўл таъмиридан сўнг Беклар маҳалласи обод масканга айланмоқда
2026-03-26 16:15:00 / Янгиликлар

Хусусан, ўтган йилларда Жинжак, Беклар, Катта Масжид ва бошқа қишлоқлар ҳар бирида ички йўл қисмлари асфальлаштирилиб, тунги ёритиш чироқлари билан таъминланган, ҳудуд ободонлаштирилган бўлса, айни кунда ҳам ОПEК Халқаро тараққиёт жамғармаси лойиҳаси доирасида маҳалланинг 11 километрдан ортиқ ички йўлларини асфальтлаштириш ишлари босқичма-босқич олиб борилмоқда.
Албатта, ички йўлни капитал таъмирлаш ва замонавий талаблар асосида қайта қуриш аҳоли ва йўловчилар кундалик қатнови учун қулайлик яратиш, хавфсиз транспорт қатновини тартибга солишда муҳим аҳамият касб этади. Айни пайтда маҳаллада пудратчи “Amirbek gold Way Servic” МЧЖ йўлсозлик корхонаси томонидан махсус техника воситалари жалб қилинган ҳолда йўл асоси тайёрланиб, текисланмоқда ҳамда асфальт қопламаси ётқизилмоқда. Бу саъй-ҳаракат маҳалла инфратузилмасини комплекс ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш, обод масканга айлантириш учундир.
Умуман, айни кунда туманда 511 километр ички хўжалик йўллари бўлиб, сўнгги уч йиллик фаолият доирасида умумий узунлиги 160 километр йўл қисми таъмирдан чиқарилган. Бу борада туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси ва ободонлаштириш бошқармаси томонидан зарур чора-тадбирлар изчил давом эттирилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати





