Жондор: “Bahodir Bekzod Asadbek” ва бошқа фермер хўжаликларида чигит экиш ишлари авжида
2026-03-25 16:40:00 / Янгиликлар

Вилоятимизда йирик экин майдони Жондор тумани деҳқонларига тегишли. 2025 йилги пахтачилик мавсумида туманда 368 та фермер хўжалиги томонидан “Buxoro-8”, “Buxoro-10”, “Buxoro-110” ҳамда Хитойдан келтирилган “Xin Lu Zao-57” навларига мансуб, умумий ҳисобда 10 минг гектардан ошиқ майдонда саноат учун қимматбаҳо хом ашё етиштирилиб, пировардида “оқ олтин” хирмони 44 минг тоннадан оширилган. Миришкорлар жорий йил ҳосили учун ер тайёрлаб, қатор агротехник тадбирлардан кейинги чигит экиш ишларини уюшқоқлик билан бошлаб юборишган.
Албатта, бу жараёнда тупроқ унумдорлигини ошириш мақсадида қишки мавсумда ҳар гектарига 5 тонна маҳаллий ва 300 килограм атрофида минерал ўғит киритилиб, ариқлар, сув йўлларини тозалаб очиш, далани бегона ўт ва хас-хашаклардан тозалаш ишлари бажарилган. Бу йилги мавсумда баракали ҳосилга “пойдевор” қўйишда туманда пахтачилик ва ғаллачиликка ихтисослашган жами 400 дан ортиқ фермер хўжалигида комплекс чора-тадбирларни амалга оширишга жадал киришилган.
Туманнинг Қароли маҳалласида фаолият юритаётган “Bahodir Bekzod Asadbek” фермер хўжалигида ҳам пешқадамлар қаторида чигит экиш ишларига киришилган. Фермер хўжалигида замонавий техника ва илғор агротехнологиялар асосида иш ташкил этилган бўлиб, тупроқнинг намлиги, ҳарорати ҳамда уруғ сифати алоҳида назорат қилинган.
Мутахассислар таъкидлашича, экиш муддатларига қатъий риоя қилиш зарур. Шунингдек, ернинг сифатли тайёрланиши ва агротехник талабларнинг бажарилиши ҳосилдорликни сезиларли даражада оширади. Жорий йилда жондорлик пахтакорлар 10500 гектар ерда барака уруғини қадаб, ғўза парваришлаш ҳаракатидалар. Шундан 3687 гектар ерга чигит плёнка остига экилмоқда. Айни пайтда ҳудудда баҳорги дала ишлари жадаллик билан давом этмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






