Бухоро тумани: "Туркон" маҳалласида 4-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти филиали иш бошлади
2026-03-25 10:30:00 / Янгиликлар

Айни Наврўз байрами арафасида “Кўчкўмар” маҳалла фуқаролар йиғини, Сафкарда қишлоғида фаолият юритиб келаётган 5-сонли умумтаълим мактабининг бўш турган биноси негизида 50-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди. Мазкур таълим масканининг очилиши ҳудудда мактабгача таълим қамровини кенгайтириш, болажонлар учун қулай шарт-шароит яратиш йўлида муҳим қадам бўлди.
Эндиликда “Туркон” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли, туман марказидан узоқда жойлашган Кулуштурум қишлоғида янги имкониятлар эшиги очилди. Аниқроғи, 12-сонли умумтаълим мактабининг бўш турган хоналарида 4-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотининг 60 ўринли филиали ўз фаолиятини бошлади.
Мазкур ташкилотнинг ташкил этилгани маҳалла аҳолисининг кўп йиллик орзу-истаклари рўёби бўлди. Муҳими, эндиликда болалар ўз ҳудудида замонавий шароитларда тарбия-таълим олиш имкониятига эга бўлдилар. Ташкилот барча зарур жиҳозлар ва қулайликлар билан таъминланган бўлиб, болажонларнинг ҳар томонлама ривожланиши ва сифатли билим олиши учун хизмат қилади.
Муассаса очилиш маросими кўтаринки руҳда ўтди. Унда маҳалла фаоллари, нуронийлар, ота-оналар иштирок этиб, бу масканнинг ишга туширилгани ҳудудда мактабгача таълим сифатини ошириш, келажак авлод учун мустаҳкам пойдевор яратишга хизмат қилишини таъкидладилар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







