Когон тумани: Наврўз, Сараён, Чолоки, Беклар ва бошқа маҳаллаларда ичимлик суви таъминоти яхшиланмоқда
2026-03-25 10:25:00 / Янгиликлар

Ўтган 2025 йил давомида туманда ”Ислом тараққиёт банки” ва ОПEК халқаро тараққиёт жамғармаси иштирокида 2 та замонавий маҳалла маркази, 3 та мактабгача таълим ташкилоти ҳамда 1 та умумтаълим мактаби янгидан барпо этилди. Шунингдек, умумтаълим мактабларида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиб, баркамол авлод вакиллари таълим-тарбияси учун муносиб шарт-шароит яратилди.
Қолаверса, “Ислом тараққиёт банки” ва ОПEК халқаро тараққиёт жамғармаси иштирокида Когон тумани аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашда қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, хорижий жамғарма иштирокида туманнинг “Наврўз” маҳалла фуқаролар йиғинида 21 минг метр, "Янги ҳаёт" маҳалла фуқаролар йиғинида 28 минг метр, "Беклар" маҳалла фуқаролар йиғинида 12 минг метр масофага ичимлик сув тармоғи тортилаётгани юқоридаги фикримиз далили.
Шу билан бирга , туманнинг "Мустақиллик" маҳалла фуқаролар йиғинида 45 минг метр, "Сараён" маҳалла фуқаролар йиғинида 18 минг метр, "Чолоки" маҳалла фуқаролар йиғинида 25 минг метр, "Когон" маҳалла фуқаролар йиғинида 8 минг метр масофага водопровод линияси тортилиб, аҳолининг тоза ичимлик сувига бўлган талабини қондириш чоралари кўрилмоқда.
Умумий ҳисобда, туман миқёсида 157 километрни ташкил этган бу кенг кўламдаги лойиҳа жадал бошланган ва яқин ойда тўла-тўкис рўёбга чиқарилгач, ҳудудда яшовчи 8 мингдан ортиқ хонадон илк бор тоза ва сифатли, водопроводлашган ичимлик суви билан таъминланади. Қолаверса, маҳаллалардаги 9 минг 600 та хонадонда мавжуд ичимлик сув таъминоти яхшиланади ва бу билан аҳолининг турмуш даражасини янада яхшилаш имконияти яратилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









