Вобкент: Мўминободдаги асаларичилар хонадонида янги мавсумга пухта тайёргарлик бошланган
2026-03-23 15:30:00 / Янгиликлар
Косари, Қипчоқ, Работохун, Қўқин, Кумушкент, Хайробод каби ҳудудларда асалари оилаларини боқиб кўпайтириш, “минг дардга даво” бол етиштиришга эътибор ва рағбат ошмоқда. Бунинг эътирофини туманда ҳар йили пишиқчилик мавсумида асал сайлини ўтказиш урфга кираётганида ҳам кўриш мумкин.

Асал минг дардга даво дея бежиз айтилмаган. Табиий тоза маҳсулот инсон организмини хасталикдан асраш, ҳатто ёшартириш хусусиятига эга. Вобкент тумани, Мўминобод маҳалласида яшовчилар эса асаларичилик одамлар соғлиги учун кони фойда эканлиги билан бирга, тадбиркорлар учун сердаромад бизнес, фойдали тармоқ эканлигини яхши билишади.
Шу маҳаллада яшовчи Фарҳод Шарипов хонадонида парваришланаётган асалари оиласи сони юзтадан ортди. Ҳокимнинг маҳалладаги ёрдамчиси тавсияномаси асосида 2022 йилда 33 миллион сўм имтиёзли кредит маблағи олиб иш бошлаган ташаббускор бир йилги мавсумда 1 минг килограм асал ҳосилини йиғиб олиб, оиласи моддий манфаатдорлигини оширмоқда. Бу хонадон аъзолари меҳнаткаш, ҳунарманд, кўнгли очиқлиги билан маҳаллада иззат-ҳурмат қозонишган.
Фарҳод Шариповнинг аёли Гулчеҳра Шодиева ҳам маҳалла кўмагида 10 миллион сўм имтиёзли кредит сармоясини олиб, тикув машиналари харид қилган. Тикувчилик ҳадисини олган оила бекасининг қўл ишларига харидор бисёр. Бугун у нафақат ўзини, балки соҳага қизиққан қизи ҳамда икки нафар ҳамқишлоғини ҳам иш билан таъминлаган. Бундан ташқари, Фарҳод аканинг қизлари Маржона Ахтамова ҳам 7 миллион сўм имтиёзли кредит маблағи асосида иссиқхонага эга бўлган.
Бу иссиқхонада ишлаб, картошка ва помидор ҳосили етиштириб, оила даромадига баҳолиқудрат ҳиссасини қўшмоқда.
Бу иссиқхонада ишлаб, картошка ва помидор ҳосили етиштириб, оила даромадига баҳолиқудрат ҳиссасини қўшмоқда.
Биргина хонадонда бугун асаларичилик, тикувчилик, иссиқхона хўжалиги ривожлантирилиб, шунга яраша даромадга эришилмоқда. Иссиқхонадаги помидор кўчатлари гуллаш арафасида. Асаларичиликни оилавий тадбиркорликка айлантириб, меҳнати ортидан баракали даромад топаётган хонадон аҳоли дастурхонини ҳам шифобахш асал билан тўлдирмоқда. Бугун Мўминобод маҳалласида яшовчи бу оиланинг миришкорлиги кўпларга маълум ва манзур. Бошқаларга ибрат бўлаётган Шариповлар хонадони аъзолари ҳалол меҳнати, топаётган даромадлари яхши кунларига буюрсин.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









