Жондор: нодир китоблар, осори-атиқаларга бой хонадон мўъжазгина музейни эслатади
2026-03-23 11:05:00 / Янгиликлар

Ана шундай эзгу мақсад йўлида ўз ҳиссасини қўшиб келаётган фидойи инсонлардан бири Жондор туманида истиқомат қилувчи Барот Сафаровдир. У кўп йиллардан буён миллий асори атиқалар билан бир қаторда, нодир китобларни тўплаш ва уларни асраб-авайлаш билан шуғулланиб келмоқда.
Барот Сафаровнинг хонадони гўё кичик музейни эслатади. Бу ерда мингдан зиёд нодир асори атиқалар, тарихий буюмлар ҳамда 10 мингдан ортиқ китоблар эҳтиёткорлик билан сақланади. Уларнинг орасида қадимий нашрлар, тарихий манбалар, бадиий адабиётлар ва турли даврларга оид қимматли асарлар бор. Ҳар бир буюм ва ҳар бир китоб ўз тарихига эга бўлиб, ўтмишдан бугунги кунимизгача бўлган йўл ҳақида ҳикоя қилади.
Ўз қизиқиш ва изланишлари натижаси ўлароқ, Барот Сафаров бу бойликларни шунчаки йиғиб қўйиш билан кифояланмайди. У мактаб ўқувчилари, ёшлар билан учрашувлар ўтказиб, уларга тарихий меросимизнинг аҳамияти, уни эъзозлаш ва асраб-авайлаш ҳар бир фуқаронинг муҳим вазифаси эканини тушунтириб келади. Унинг фикрича, тарихий ёдгорликлар ва нодир китоблар халқнинг хотираси, миллатнинг ўзлигини англашига хизмат қиладиган бебаҳо манбалардир.
Дарҳақиқат, тарихий обидалар ва маданий мерос объектларини асраш, уларни келажак авлодларга бутун ҳолда етказиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан биридир. Бу борадаги тарғибот тадбирлари, шунингдек, Барот Сафаров каби ташаббускор инсонларнинг саъй-ҳаракатлари фуқароларда тарихий меросимизга нисбатан ҳурмат ва эҳтиром туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, Барот Сафаров сингари инсонлар бор экан, миллий меросимиз ҳамиша эъзозда бўлади. Бу саъй-ҳаракат келажак авлодлар учун бебаҳо маънавий хазинадир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








