Қоракўл: маҳаллаларда тутзор барпо этиб, ҳам сабзавот етиштириб, даромад олиш имконияти яратилмоқда
2026-03-22 21:45:00 / Янгиликлар

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида жойларда ипакчиликни ривожлантириш, бунинг учун эса озуқа базаси – тутчиликни изчил йўлга қўйишга эътибор кучайтирилган. Давлатимиз раҳбарининг “Ипакчилик соҳасини янги тизим асосида ривожлантириш ҳамда озуқа базасини мустаҳкамлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Қоракўл туманида ҳам соҳани ривожлантириш, тутзорларни кенгайтириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашда муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Биргина туманда 4 мингдан ортиқ касаначи ва оилавий звено, шунингдек, ҳудуддаги 300 тага яқин фермер хўжалиги аъзоларининг пилла етиштириш тармоғида бандлигини кўриш мумкин. Қамров ўсиб бораётгани ҳисобидан “кумуш тола” салмоғи ҳам юксалмоқда. Масалан, 2023 йилда туман миришкор пиллакорлари томонидан 256 тоннадан зиёд саноат учун қимматбаҳо хом ашё етиштирилган бўлса, ўтган йили баҳор мавсумида қоракўллик пиллакорлар 5 322 қути ипак қурти парваришлаб, шундан якунда 342 тоннадан ошириб “кумуш тола” хирмонини барпо этишган.
Юқоридаги қарорга асосан эндиликда Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги балансидаги ер майдонларида ташкил этиладиган тутзорларда пилла кооперативларини тузиш белгиланган. Ушбу кооперативларга аъзо бўлган камбағал оилаларга (ҳар бир оиладан бир нафар аъзога бир марталик тартибда) 4 миллион сўм миқдорида субсидия ажратилиши кўзда тутилган.
Қарор ижросини таъминлаш мақсадида Қоракўл туман Давлат ўрмон хўжалиги томонидан ижтимоий ҳимоя реестрида рўйхатда турган бир гуруҳ фуқароларга 50 сотихдан ер майдони ажратиб берилди. Бу ер майдонларида тутзор барпо этилиб, ўрмон хўжалиги мутахассислари ҳамкорлигида тут кўчатлари ўтқазиб парвариши бошланди. Дўрмон ва бошқа маҳаллаларда бу жараён қизғин бормоқда.
Мазкур ташаббус ипакчилик тармоғи ривожи билан бирга, аҳоли учун даромад манбаидир. Негаки, эндиликда ер эгаларига тутзор парвариши билан бир қаторда, қатор орасида турли қишлоқ хўжалиги экинлари, сабзавот-полиз маҳсулотларини етиштириш имконияти ҳам яратилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







