Бухоролик фидойи маҳалла тизими ходимларига давлат мукофотлари ва кўкрак нишонлари топширилди
2026-03-22 11:55:00 / Янгиликлар

Cана муносабати Президентимизнинг тегишли Фармонига кўра, маҳалла тизими ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ юртдошларимиз қатори бухоролик соҳа фидойилари ҳам давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланди.
Жумладан, Олот туманидаги “Бувижонлар мактаби” жамоатчилик кенгаши раиси Муборак Қаландарова “Меҳнат шуҳрати” ордени, Ромитан тумани ички ишлар бўлимининг “Қумработ” маҳалла фуқаролар йиғинидаги профилактика катта инспектори Санжар Аҳмедов “Содиқ хизматлари учун” медали, Бухоро тумани “Шехонча” маҳалла фуқаролар йиғинидаги ҳоким ёрдамчиси Зуҳриддин Усмонов “Шуҳрат” медалига сазовор бўлди.
Вилоят ҳокимлигида мукофотларни ўз эгаларига топшириш маросими ўтказилди.
Вилоят ҳокими Ботир Зарипов тақдирланган юртдошларимиз ва маҳалла тизими ходимларини байрам билан табриклади.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда Президентимиз томонидан ўзини ўзи бошқаришнинг ноёб тизими бўлган маҳалла тизими нуфузини ошириш, уни чинакам халқ виждонига айлантириш, ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш, моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, сўнгги тўққиз йилликда вилоятимизда 220 та маҳалла идораси янгидан қурилди. 211 таси реконструкция қилинди ва таъмирланди. Аҳолининг бандлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, хотин-қизлар, ёшлар ва нуронийларга манзилли ёрдам кўрсатиш, фуқароларни замонавий касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, камбағалликни қисқартириш ишлари маънавий-маърифий тадбирлар билан уйғун ҳолда олиб борилаётгани диққатга сазовордир. Айниқса, барча соҳа ва йўналишлар бўйича “маҳаллабай” ишлаш тизими кенг жорий этилиб, “маҳалла еттилиги”дан иборат таъсирчан тузилма фаолияти йўлга қўйилгани ижобий самара бермоқда.
Давлатимиз раҳбарининг кеча “Янги Ўзбекистон” боғида Наврўз байрами муносабати билан бўлиб ўтган тадбирдаги маърузаларида ҳам маҳаллада тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлаш, ижтимоий муаммоларни жойида ҳал этиш, эзгулик ва адолатни қарор топтиришда отахон ва онахонлар, “маҳалла еттилиги” аъзолари ҳамда фаол фуқароларнинг иштироки айниқса муҳим эканлиги алоҳида таъкидланди. Жамиятда соғлом маънавий муҳитни таъминлаш мақсадида ўтган йили маҳалла фаоллари кўмагида ажрашиш ёқасига келиб қолган 1500 га яқин оила яраштирилгани,
516 та маҳалланинг 471 таси ёки 91,3 фоизида жиноят содир этилишига йўл қўйилмагани, намунали маҳаллалар сони 431 тага етгани албатта таҳсинга лойиқдир.
Айнан маҳалла фаолларининг жамият ижтимоий-иқтисодий ҳаётида кўрсатган фаоллиги натижасида сўнгги уч йилда вилоятимизда камбағаллик даражаси 12 фоиздан 3 фоизга туширилди.
-Албатта, бу ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Шу даврда 21,3 минг нафардан зиёд фуқароларга 56 млрд.сўм субсидия, қарийб 71 минг нафар оилага эса деҳқончилик учун 17,5 минг гектар ер ажратиб берилди,-деди Ботир Зарипов.
Вилоят раҳбари маҳаллаларда амалга оширилаётган ишлар, илғор ташаббуслар ва ютуқларни қайд этиб, маҳалла тизими ходимларининг жамият ҳаётидаги ўрни ортиб бораётганини таъкидлади.
Президентимизнинг тегишли фармонига мувофиқ давлат мукофотлари билан тақдирланган юртдошлар меҳнати эътироф этилди. Уларга орден ва медаллар ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Шунингдек, бир гуруҳ маҳалла фаоллари ва “еттилик” аъзоларига Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси томонидан таъсис этилган “Маҳалла ифтихори”, турли соҳаларда кўп йиллар давомида ҳалол ва самарали меҳнат қилган меҳнат фахрийларига “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонлари топширилди.
Тақдирланганлар номидан сўзга чиққанлар маҳалла тизимига эътибори и учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик изҳор этди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








