Бухоро шаҳри: Ҳафзинав, Чармгарон ва бошқа маҳаллаларда аёллар тадбиркорлиги ривожланмоқда
2026-03-19 21:30:00 / Янгиликлар

Жумладан, “Ҳавзи нав” МФЙда истиқомат қилувчи Шоира Шодиева аёллар дафтарининг ишсизлик тоифасига киритилган бўлиб, “Monomarkaz” орқали пишириқчилик курсларига йўналтирилди. Натижада у банкдан 17 миллион сўм имтиёзли кредит маблағини олиб, пишириқчилик фаолиятини йўлга қўйди. Ҳозирда у нафақат ўзини даромад билан таъминламоқда, балки “устоз–шогирд” анъанаси асосида икки нафар ёшни касбга ўргатиб, уларнинг бандлигини таъминламоқда. Ҳозирда унинг ойлик даромади ўртача 3 миллион сўмни ташкил этмоқда.
Шунингдек, Чармгарон кўчасида истиқомат қилувчи Маржона Умарова ҳам 17 миллион сўм имтиёзли кредит маблағи ҳисобидан кўрпадўзлик фаолиятини бошлаган. У кўрпа, кўрпача, ёстиқлар ҳамда мато қирқимларидан турли хил тўшамалар тайёрлаб, буюртмалар асосида маҳсулот тайёрламоқда. Ҳозирда чевар икки нафар шогирди билан биргаликда фаолият юритиб, ҳар ойда 4 миллион сўм атрофида даромад топмоқда.
Аҳмад Борбанд кўчасида истиқомат қилувчи, 2-гуруҳ ногирони бўлишига қарамасдан меҳнатсеварлиги ва ташаббускорлиги билан ўз ўрнини топган Гулрух Комилова ҳам тадбиркорлик фаолиятини кенгайтирмоқда. Илгари пишириқчилик билан шуғулланиб келган Гулрух 15 миллион сўм имтиёзли кредит сармоясини олиб, янги йўналиш — гипс ва шамлардан сувенир-совғалар, гуллар, ошхона идишлари ҳамда стол чироқлари тайёрлашни йўлга қўйди. Бугунга келиб у уч нафар шогирди билан бирга ишлаб, ойига ўртача 5 миллион сўм даромадга эга бўлмоқда.
Шу маҳаллада яшовчи Олия Шукурова эса 100 миллион сўм имтиёзли кредит маблағи асосида тикувчилик фаолиятини ривожлантирмоқда. У миллий халатлар, вишивкалар, патдўзлик буюмлари, сумкалар, елпиғичлар, сўзани ва апликация асосида келин сарполари тикишни йўлга қўйган. Касб-кори туфайли ҳозирда 12 нафар ишсиз фуқаронинг бандлигини таъминламоқда. Қўли остидаги чеварлар билан унинг ҳар ойда меҳнат қилиб топаётган даромади 6 миллион сўмдан кам эмас.
Бундан ташқари, Ахмад Борбанд кўчасида истиқомат қилувчи Наргиза Бозоровага субсидия асосида замонавий тикув машинаси олиб берилиб, маҳалла унинг мустақил фаолият бошлашига кўмаклашди. Бугунга келиб чевар ижара ва шерикчилик асосида иш юритиб, банкнинг 33 миллион сўм имтиёзли кредит маблағи орқали фаолиятини кенгайтирмоқда. Цехда келин сарполари, элита пардалар ва миллий нимчалар тикиш билан шуғулланаётган тикувчи яна 4 нафар шогирдини ёнига олиб, тушаётган буюртмаларни тез, сифатли, бежирим тикиб ўз эгаларига етказмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







