Когон тумани: “Баҳоуддин Нақшбанд” маҳалласидаги 25-сонли оилавий поликлиника замонавий қиёфага кирди
2026-03-19 17:05:00 / Янгиликлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 18 cентябрдаги ПҚ-5246-сонли “Ислом тараққиёт банки ва ОПEК халқаро тараққиёт жамғармаси иштирокида қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан айни кунда Когон туманининг бир нечта маҳалласида қурилиш, таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари жадал бормоқда.

Қарор доирасида ҳудудда таълим, соғлиқни сақлаш, ичимлик суви, йўл ва бошқа инфратузилма лойиҳалари амалга оширилмоқда. Асосий эътибор таълим соҳасини ривожлантиришга, мактабгача ва умумтаълим муассасаларини модернизация қилишга қаратилган. Бу жараёнда нафақат бино-иншоотларни реконструкция қилиш, балки қўшимча ўқув бинолари, спорт иншоотларини барпо этиш орқали ўқувчилар учун қулай шарт-шароитни яратиш назарда тутилган.
Жумладан, Когон тумани Баҳоуддин Нақшбанд маҳалласида 2004 йилда қурилган тиббиёт поликлиникаси биноси кейинги пайтда таъмирталаб аҳволга келганди. Шу боис, мазкур ҳудудда мукаммал реконструкция ишлари амалга оширилгани кўпларни хурсанд қилди. Тиббиёт ва санитария меъёрларига тўла жавоб берадиган, замонавий Оилавий поликлиника биноси таъмири ОПEК халқаро тараққиёт жамғармаси иштирокида молиялаштирилди. Моддий қиймати 650 миллион сўмни ташкил этувчи лойиҳа "Мирансой капитал строй инвест " МЧЖ моҳир қурувчилари томонидан амалга оширилди.
Қайта қурилган кўркам тиббиёт биносини фойдаланишга топшириш тадбирида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Элёр Олтиев, туман мутасаддилари, меҳнат фахрийлари ва маҳалла фаоллари иштирок этдилар.
Тадбирда сўзга чиққанлар сўнги йилларда мамлакатимизда аҳоли соғлигини муҳофаза қилиш, тиббиёт муассасалари учун янги бинолар қуриш, уларни илғор тиббий жиҳозлар билан таъминлашга эътибор қаратилаётгани, бу саъй-ҳаракат аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янада яхшилашга хизмат қилишини таъкидладилар.
Баҳоуддин Нақшбанд маҳалласидаги оилавий поликлиникага келсак, ҳудуддаги 22 та қишлоқнинг 12 мингдан ортиқ аҳолисига 44 нафар тиббиёт ходими тиббий хизмат кўрсатади. Шунингдек, муассаса тўлиқ давлат тиббий хизматлари рақамлаштириш тизимига уланган бўлиб, беморлар ҳеч қандай оворагарчиликсиз, тез ва бепул хизмат эга бўлишмоқда.
Поликлиника биноси рамзий алвон лентаси қирқилгач, тадбирда йиғилганлар муассасадада яратилган шарт-шароит билан яқиндан танишдилар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









