Бухорода Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактаб филиали очилди
2026-03-19 14:25:00 / Янгиликлар

Аввалги “Меҳрибонлик уйи” ўрнида қад ростлаган Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактаб Бухоро филиалини фойдаланишга топшириш тадбирида вилоят ҳокими Ботир Зарипов иштирок этди. Вилоят раҳбари юртдошларимизни қўшалоқ айём—муборак Рамазон ҳайити ва Наврўз байрами билан самимий қутлаб, ёш авлод ва улар ота-оналари, педагогик жамоани яна бир кўркам илм маскани ишга туширилгани билан муборакбод этди.
Эътироф қилинганидек, бу таълим маскани нафақат замонавий билимлар ўчоғи, балки буюк табиб ва мутафаккир аждодимиз Ибн Синонинг бой илмий меросини ёш авлод қалби ва онгига сингдиришга хизмат қилади. Бунда таҳсил олаётган ўқувчилар чуқур билим эгаллаб, илм-фанга бўлган қизиқишини оширади ҳамда келажакда юртимизнинг муносиб вакиллари бўлиб етишадилар. Мактабни барпо этиш, жиҳозлашда муносиб ҳисса қўшган ташкилотчилар, қурувчи-муҳандислар, устоз ва мураббийларга самимий миннатдорлик билдирилди.
Рамзий алвон лента қирқилгач, тадбирда йиғилган вилоят мутасаддилари жамоатчилик вакиллари, меҳнат фахрийлари билан биргаликда таълим даргоҳида келажагимиз эгалари учун яратилган шарт-шароит билан танишдилар.
Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактаб Бухоро филиали барча талабларга жавоб берадиган инфратузилмага эга бўлиб, уни барпо этиш учун умумий қиймати 13,5 миллиард сўм маблағ сарфланган. Замонавий андозада, уч қаватдан иборат мактаб 360 нафар ўқувчига мўлжалланган бўлиб, 120 ўринли ётоқхонасига ҳам эга. Даргоҳда 28 та замонавий синфхона, 3 та фан лабораторияси, кутубхона, спорт зали ва бошқа зарур шарт-шароит яратилган.
Шунингдек, мактабда “Language Stars”, “Аниқ ҳисоб академияси”, “Ижод ва илҳом мактаби”, “Реакция ва натижа”, “Илм ва табиат” каби тўгараклар фаолият юритиб, ўқувчиларнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантиришга хизмат қилади.
Қувонарлиси, эндигина фаолият бошлаганига қарамасдан, таълим даргоҳи ўз ёш истеъдод соҳибларига эга. Ҳозирда ушбу таълим муассасасида 66 нафар ўқувчи табиий фанлар йўналишида таҳсил олмоқда. Қисқа вақт ичида уларнинг эришган ютуқлари алоҳида эътиборга лойиқ.
Жумладан, STEM фанлари олимпиадасида 8-синф ўқувчиси Асила Нусратова ва 7-синф ўқувчиси Фарид Муротов 2-ўринни, Ал-Хоразмий номидаги фан олимпиадасида эса Фарид Муротов 2-ўринни, 7-синф ўқувчиси Лазиза Юнусова 3-ўринни эгаллагани мактабда йўлга қўйилган таълим сифати ва ўқитувчиларнинг юқори салоҳиятидан далолатдир.
Навқирон авлод эртаси ва таълим-тарбиясига катта ишонч билдирган вилоят раҳбари ва жамоатчилик вакиллари эзгу ниятлар билан мактаб ҳовлисига дарахт кўчатларини ўтқаздилар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









