Қоровулбозор: Рустам Муҳаммадиевнинг оилавий чорвачилик фаолияти икки бош қорамолдан бошланган
2026-03-18 16:50:00 / Янгиликлар
Туман марказидан 15 километр узоқликда, қўшни Қашқадарё вилояти Муборак тумани билан чегарадош “Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғини таркибидаги Тошқудуқ ва Қўриқтепа қишлоқларида ҳам айни кунда 719 та хонадон, 678 та оила ва уларда жами 3 мингга яқин аҳоли вакили истиқомат қилмоқда.

Маҳаллада айни кунда аҳолининг асосий қисми деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланиб, тирикчилигини ўтказмоқда. Ўнлаб хонадон томорқа ерида иссиқхона барпо қилиб, йилниг тўрт фаслида аввало, рўзғор эҳтиёжи учун баракали ҳосил етиштираётган бўлса, яна ўнлаб хонадон меҳнаткашлари оғилхонасини обод қилиб, қорамол, қўй-қўзи, товуқ боқиб, чўлқуварлар дастурхонини гўшт, сут, сариёғ, тухум каби сара маҳсулотлар билан таъминламоқдалар.
Бугун чорвачиликда катта тажрибага эга Рустам Муҳаммадиев ҳам уй хўжалигида асосан бўрдоқига қорамол ва қўй боқиб, қут-баракага эришмоқда. Ҳозирда унинг оғилхонасида маҳаллий “Қизил чўл” ва қисман “Angust” зотларига мансуб 50 бошдан ошиқ қорамол, 100 бошдан ортиқ қўй ҳамда бир неча бош от парвариш қилинмоқда.
—Оилавий фаолиятимизни дастлаб 2 бош қорамол билан бошлаган бўлсак, астойдил меҳнатимиз, ҳаракатимиз натижасида чорва молимиз сонини оширишга эришдик,—дейди Рустам Муҳаммадиев.—Ҳозирда сигир-бузоқ, ғунажинларни кооперация усулида аҳолига тарқатишни йўлга қўйган бўлсак, асосан бўрдоқига мол боқиб, буқаларимизни 3-4 ёшлигида гўштга топшириб, моддий манфаатдорликка эришмоқдамиз. Чорвачиликнинг ўзига яраша қийинчиликлари бор, албатта. Аммо, пешона теримизга яраша ҳар ойда 1 тонна атрофида гўшт етиштириб, аҳоли дастурхонига етказиб, 100 миллион сўмдан ошиқ даромадни қўлга киритмоқдамиз. Оила аъзоларимиз шу иш билан банд. Кўпдан кам бўлганимиз йўқ, меҳнат қилиб орзу-ҳавасимизга етаяпмиз.
Чорвадор хонадон соҳиби айни кунда қорамоллари парвариши учун экин ерини кенгайтириш, озуқабоп экинлар ва ем-хашак заҳираси учун замин яратиб, хўжалигида туёқ сонини ва албатта, моддий манфаатдорликни кўпайтириш ҳаракатида.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати




