Бухоро ҳудудий электр тармоқлари корхонасига янги электромобиллар топширилди
2026-03-18 15:35:00 / Янгиликлар
Аҳолининг электр энергияси таъминотига бўлган талабини қондириш, жойларда электр тармоқлари хизматини ривожлантириш, зарур инфратузилма тармоғини шай қилиш мақсадида “Бухоро ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ моддий-техник имкониятлари ошириб борилмоқда.

Вилоят шаҳар ва туманлари электр таъминоти бўлимлари моддий-техник базасини модернизация қилиш, аҳолига кўрсатилаётган мобил хизмат сифатини яхшилаш мақсадида акционерлик жамияти раҳбариятига Хитойда ишлаб чиқарилган, замонавий “Changan” русумдаги 22 дона электромобил топширилди.
Вилоят ҳокими Ботир Зарипов томонидан тантанали равишда топширилган автотранспорт воситаларини “Бухоро ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ таркибидаги шаҳар ва туманлар электр таъминоти идоралари бошлиқлари қабул қилиб олдилар.
—Бу ташаббус фаолиятимизда энергия самарадорлиги ва хизмат кўрсатиш тезлигини ошириш, экологик тоза транспорт воситаларидан фойдаланишни кенгайтиришга қаратилган,—дейди “Бухоро ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ раҳбари Баҳодир Ҳаётов.— Бу нафақат транспорт воситалари янгиланиши, балки соҳанинг инновацион ривожланиш сари дадил қадамидир. Масалан, айни кунда аҳоли кўп ва нисбатан зич яшайдиган Бухоро шаҳри ва Ғиждувон туманида электр энергияси таъминотида рўй бериши мумкин бўлган узилишлар, авария ҳолатларини жойида тезкор бартараф этиш учун ўндан ортиқ бригада хизмат кўрсатаётган бўлса, бошқа ҳудудларда ҳам хизматга талаб ва эҳтиёж кун сайин ортмоқда.
Кузови 5 та ўриндиқли, юкхонасида 1 тоннадан ошиқ юк кўтариш қувватига эга замонавий автомобил эса авария бригадаси ҳаракатланиши, зарур кабел, трансформатор ва бошқа юкни ташишда жуда қўл келади. Муҳими, атроф-муҳитга зарар етказмайдиган автоулов ишчи-мутахассислар билан ҳудудга қисқа фурсатда етиб боради. Бу эса фавқулодда вазиятларга тезкор жавоб бериш, носозликларни ўз вақтида бартараф этиш, аҳолига узлуксиз электр энергияси етказиб беришда муҳим омилдир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







