Пешку: “Buxoro Servis Agroklaster” МЧЖ 250 гектар майдонда ғалла етиштирмоқда
2026-03-18 11:00:00 / Янгиликлар

Ишда илғор инновацион услубдан кенг фойдаланаётган хўжалик меҳнаткашлари томчилатиб суғориш технологияларини унумли жорий этиб, баракали ҳосил етиштириш тажрибасини ҳам пухта ўзлаштиришган. Биргина ғаллачилик тармоғида кеч кузда 250 гектар майдонга сара навли буғдой эккан хўжалик жамоаси 10 та звенога бўлинган ҳолда агротехник тадбирларни кечиктирмасдан олиб бормоқда.
Ўтган йилги экиш мавсумида ҳар гектар ерга 5 тоннадан маҳаллий ўғит киритилиб, 300 килограм аммофос ва 100 килограмдан калий ўғити билан тўйинтирилган бўлса, ҳозиргача буғдой майсаси икки маротаба озиқлантирилиб суғорилмоқда. Биринчи озиқлантиришда ҳар гектар ғаллазорга 150 килограмдан аммиакли селитра, иккинчи озиқлантиришда эса 150 килограм карбамид минерал ўғити киритилиб, тупроқ мелиоратив ҳолати яхшиланаётгани баробарида ғалла майсалари ривожлантирилмоқда.
Шу кунларда эрта баҳорги ишлов, парвариш, суспензиялаш агротехник тадбирлари давом эттирилмоқда. Ҳар гектар ғаллазор 150 килограмдан аммиакли селитра билан озиқлантирилиб суғорилмоқда. Ғаллани суғоришда (фекал) шарбат билан суғоришга эътибор берилмоқда.
Жамият миришкорлари жорий йилда 250 гектарли ғаллазордан 1 минг 550 тонна сара дон етиштириб, шундан 625 тонна буғдойни шартнома режасига мувофиқ давлатга сотиш тараддудидалар. Бунда ҳар гектар ғаллазор ҳосилдорлиги 62 центнердан оширилади.
Агроном мутахассислар фикрича, ғалла ҳосили салмоғини ошириш, бошоқ яхши шаклланиши учун 4 та асосий омил бор. Бу тўғри ўғитлаш, етарли намлик, яъни, суғориш, касаллик ва зараркунандалардан ҳимоялаш, бегона ўтларни йўқотишдир. Суспензиялаш, барг орқали бериладиган микроэлементлар бошоқ ривожланишини кучайтиради. Шу боис, айни кунда “Buxoro servis agroklaster” МЧЖ да ғаллани суспензиялаш агротехник тадбири дрон ва мавжуд механизмларда олиб борилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






