Жондор: кўчат ўтқазиш, кўкаламзорлаштириш ҳар бир кўча ва маҳалла бўйлаб давом этади
2026-03-17 21:30:00 / Янгиликлар

Биргина Жондор давлат ўрмон хўжалиги тасарруфидаги умумий ер майдони чўл массивларидаги яйлов билан қўшганда, 86 минг гектардан зиёд бўлиб, шундан хўжаликнинг Оғар ва Ромитан бўлимларидаги 137 гектар суғориладиган контурларда мевали ва манзарали дарахт кўчатхоналари ташкил этилган.
Худди шундай, халқ табобати учун доривор ўсимликлар, элимиз дастурхони тўкинлигини таъминлаш учун ғалла ва сабзавот-полиз маҳсулотлари экиб етиштириб келинмоқда. Хўжаликнинг “Оғар” бўлими Манқуфи аҳоли пунктида ажратилган 5 гектар майдонда тут кўчатхонасини барпо қилиш ҳаракати бормоқда.
Айни кунда Жондор кўчатчиликка ихтисослашган давлат ўрмон хўжалиги ҳудудларни кўкаламзорлаштириш, “яшиллаштириш”га катта ҳисса қўшмоқда. Эрта баҳор кунларида ҳудудда кенг кўламли кўчат ўтқазиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Бу хайрли ташаббус туман марказидаги кўчалар, Зарафшон, Қароли, Хумин, Охших, Алели, Пўлоти, Ромиш, Самончиқ маҳаллалари бўйлаб давом эттирилмоқда.
Бу ҳудудларни кўкаламзорлаштириш мақсадида 100 мингдан ортиқ турли хил манзарали дарахт кўчатлари етказиб берилган. Жумладан, каталпа, шумтол, қайрағоч, тут ҳамда бошқа манзарали дарахт кўчатлари маҳаллалар, ободонлаштириш бўлимлари, фермер хўжаликлари, тиббиёт муассасалари ва таълим масканларига тарқатилган.
Кўчатчиликка ихтисослашган давлат ўрмон хўжалиги мутахассислари таъкидлашича, кўчатларни етиштиришда замонавий агротехнологиялар қўлланилиб, иқлим шароитига мос ва сифатли бўлишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса экилган дарахтларнинг тез мослашиб, барқарор ўсишини таъминлайди. Ҳашар доирасидаги бундай кенг кўламли кўкаламзорлаштириш ишлари нафақат ҳудуднинг экологик мувозанатини мустаҳкамлайди, балки аҳоли орасида табиатга меҳр, атроф-муҳитга эътибор ва масъулият ҳиссини ҳам янада оширади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






