Бухоро тумани: сафкардаликларнинг узоқ йиллик орзуси рўёбга чиқди
2026-03-17 21:25:00 / Янгиликлар

Жорий йил январ ойида болалар учун 9 950 та қўшимча мактабгача таълим ўрни яратилди. Хусусан, вилоят бўйича 21 та янги мактабгача таълим ташкилоти ишга туширилди ва 3 025 нафар бола қамраб олинди.
Бухоро туманидаги Сафкарда қишлоғида яна бир муҳим ижтимоий объект — 50-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди. Мазкур таълим масканининг очилиши ҳудудда мактабгача таълим қамровини кенгайтириш, болажонлар учун қулай шарт-шароитни яратиш йўлида муҳим қадам бўлди.
Таъкидлаш жоизки, бу боғча “Кўчкўмар” маҳалла фуқаролар йиғини, Сафкарда қишлоғида фаолият юритиб келаётган 5-сонли умумтаълим мактабининг бўш турган биноси негизида ташкил этилди. Лойиҳа умумий қиймати 1,5 миллиард сўмни ташкил этувчи мазкур маскан 90 ўринли бўлиб, унинг қурилишини пудратчи “Муҳаммедов Ражаб” МЧЖ бинокорлари ўз зиммаларига олишди.
Бугунга келиб муассаса шинам, ёруғ хоналар, замонавий ўқув жиҳозлари, болалар ўйин майдончалари, машғулотлар учун зарур воситалар билан тўлиқ таъминланган бўлиб, ошхона ва ётоқхона, иссиқлик тармоғи шай қилинган. Муҳими, бу ерда ўндан ортиқ малакали тарбиячи фаолият юритиб, болажонларга таълим-тарбия беради.
Муассасани фойдаланишга топшириш тадбирида туман мутасаддилари, жамоатчилик вакиллари, маҳалла фаоллари ҳозир бўлдилар. Сўзга чиққанлар йиғилганларни баҳорнинг гўзал ва қадимий байрами—Наврўз айёми билан самимий муборакбод этиб, юртимизда ёш авлод таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидладилар. Зеро, сафкардалик аҳоли вакиллари, ота-оналарнинг кўп йиллик орзулари ушалгани ҳам “Янги Ўзбекистон — мактабгача таълимдан бошланади” деган ҳаётий тамойилнинг амалдаги ифодасидир.
Янги ташкил топган 50-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти келажак эгаларининг билимли, соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишида муҳим масканлардан бирига айланиши шубҳасиз.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









