Жондор: Аброр Асадов уй хўжалигида ҳам наслдор қорамоллар боқилмоқда
2026-03-17 21:25:00 / Янгиликлар

Асадов уй хўжалигида асосан наслдор “Aberdeen, “Angus”, “Simmental” зотига мансуб буқалар бўрдоқига боқилмоқда. Гўшти сифатли, юқори калорияли, тўйимлилиги билан ажралиб туради. Ҳўкизларнинг ҳар биридан етилганидан сўнг ўртача 350-400 килограмга етказиб гўшт олинаётгани оила моддий манфаатдорлигидан далолат. Бир йилда бу хонадон молбоқарлари 2 тонна атрофида гўшт етиштириб, ҳам ўзи, ҳам маҳалладошлари дастурхони тўкинлигига ҳисса қўшмоқда.
Аброр Асадов оғилхонасида 3 бош соғин сигир ҳам парваришланаётган бўлиб, улардан ҳар кунлик 12-15 литр сут соғиб олинмоқда. Асосийси, зот танлашда, мол ажратишдаги тўғри услуб уй хўжалиги даромади барқарорлигига замин ҳозирлаган. Тадбиркор хонадон соҳибининг таъкидлашича, ҳар бир қорамолдан йилига ўртача 20 миллион сўмдан 40 миллион сўмгача даромад олиш мумкин. Бу фаолият чорвачилик нафақат анъанавий иш, балки истиқболли бизнес эканидан дарак, албатта.
Таҳлиллардан кўринишича, бугунга келиб вилоятдаги мавжуд 416 та қорамолчилик фермаси, 162 та майда шохли моллар қўра-қашарлари, 14 та паррандачилик фабрикаси ва 84 та паррандачиликка ихтисослашган фермер хўжалигидаги товуқхона фаолият олиб бораётгани баробарида маҳалла ва қишлоқларда, юқоридаги каби аҳоли хўжаликларида бўрдоқичилик, гўшт ва сут етиштириш, шунингдек, парҳезбоп гўшт ва тухум етиштириш тажрибаси янада ривожланмоқда. Чорвачиликда озуқа базасини мустаҳкамлаш бўйича вилоятдаги чорвачилик ва паррандачилик хўжаликларига озуқабоп экинлар экиш учун 49 минг 441 гектар экин ер майдони ажратилган.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







