Қоракўл делегациясининг Корея сафари самарали бўлди
2026-03-17 16:20:00 / Янгиликлар

Делегация аъзолари сафар давомида “Chungvoon University” раҳбарияти билан аввал тор доирада, кейинчалик кенгайтирилган тартибда учрашувлар ўтказдилар. Кейинги манзил делегация аъзолари Жанубий Кореянинг қадоқлаш саноатида фаолият юритувчи “JU Young Packaging Solution Co., Ltd.” Корхонасида бўлишиб, заводдаги ишлаб чиқариш жараёни билан яқиндан танишдилар.
Шунингдек, замонавий тиббий технологиялар ишлаб чиқишга ихтисослашган “MVITRO Co., Ltd.” компанияси фаолияти, илмий-тадқиқот ишлари ва ишлаб чиқариш жараёни ўрганилди. Жанубий Кореяда жойлашган “Konyang University” университетида бўлган қоракўллик масъуллар хориж тиббиёти ва соғлиқни сақлаш йўналишида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган муҳим музокараларни ўтказдилар.
“Chungvoon University” ва “Konyang University” каби олий таълим даргоҳлари кўп йиллик фаолиятга эга бўлиб, ахборот технологиялари, муҳандислик, медиа ва хизмат кўрсатиш, шунингдек, замонавий тиббиёт марказлари ва клиникалари, илғор даволаш усуллари ҳамда юқори малакали мутахассислари билан танилган.
Музокараларда таълим, кадрлар тайёрлаш ҳамда замонавий билим ва тажрибаларни алмашиш масалалари муҳокама қилинди. Ахборот технологиялари йўналишида тумандаги “Acharya University” билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, Қоракўлда хорижий университет вакиллик марказини очиш бўйича келишувга эришилди.
Худди шундай, “Konyang University” қошида фаолият юритаётган замонавий клиникаларда қўлланилаётган даволаш технологиялари ва инновацион ёндашувларни Қоракўл тиббиётида жорий қилиш юзасидан битимга келинди. Унга кўра, кореялик малакали мутахассислар Абу Али ибн Сино номидаги Қоракўл тиббиёт техникумида фаолият бошлаши режалаштирилди.
Ишлаб чиқариш ва инвестиция салоҳиятига келсак, Корея компаниялари Қоракўлда фаолият бошлаган тақдирда, уларга қатор муҳим имтиёзлар тақдим этилиши алоҳида қайд этилди. Жумладан, инвестиция ҳажмига қараб 3 йилдан 10 йилгача солиқ имтиёзлари, ишлаб чиқариш учун олиб кириладиган ускуналар ва хомашё учун божхона тўловларидан озод этиш, энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, Марказий Осиё бозорларига чиқиш учун қулай логистика имкониятлари.
Шу боис, Жанубий Кореянинг қадоқлаш саноатида фаолият юритувчи “JU Young Packaging Solution Co., Ltd.” корхонаси замонавий технологиялар асосида қоғоз ва картон қадоқлаш маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда уларга турли бренд ва компанияларнинг логотипларини юқори сифатда босиб бериш билан шуғулланади. Корхонада маҳсулотлар тайёрлаш жараёни тўлиқ автоматлаштирилган бўлиб, хомашёни қайта ишлашдан тортиб, тайёр маҳсулотни қадоқлашгача бўлган барча босқич замонавий ускуналар ёрдамида амалга оширилади.
Корхона мутасаддилари билан мулоқотда замонавий қадоқлаш саноати, экологик тоза хомашё асосида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда халқаро бозор талабларига мос маҳсулот тайёрлаш тажрибасини ўзлаштириш, шундай замонавий корхонани Қоракўлда ҳам ташкил этиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








