Бухоро тумани: “NASA Academy” ўқув маркази — ёшлар учун янги имконият
2026-03-17 10:30:00 / Янгиликлар
Бугун навқирон авлод орасидан илм-фанда иқтидор эгалари, ёш истеъдодлар етишиб чиқаётгани қувонарли, албатта. “Работиқалмоқ” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Достон Наботов томонидан ёшлар таълимини ривожлантиришга қаратилган муҳим лойиҳа амалга оширилди. У Ёшлар ишлари агентлиги томонидан йўлга қўйилган “Кўмак” лойиҳаси доирасида ажратилган 130 миллион сўм ссуда маблағи эвазига маҳаллада “NASA Academy” ўқув маркази фаолиятини йўлга қўйди.

Мазкур ўқув маркази инглиз тилидан IELTS, CEFR ва SAT халқаро имтиҳонларига тайёрлов курслари ҳамда замонавий ахборот технологиялари IT йўналишида замонавий билим беришга мўлжалланган бўлиб, маҳалла ёшларига янги имкониятлар яратиб бермоқда. Ташаббускор Достон Наботовнинг таъкидлашича, бу ўқув марказини очишдан асосий мақсад маҳаллада илм олишга интилувчан ёшларни қўллаб-қувватлаш, улар истеъдодини юзага чиқаришга кўмаклашишдир.
—Ўсиб келаётган йигит-қизлар учун бугун чет тиллари ва замонавий технологияларини пухта ўрганиш жуда муҳим. Биз очган ўқув маркази орқали маҳалламиз ёшларига сифатли таълим бериш, уларни халқаро имтиҳонларга тайёрлаш ва келажакда юқори натижаларга эришишларига ёрдам беришни мақсад қилганмиз, — дейди Д. Наботов.
Шунингдек, марказда ёшларнинг талаб даражасида билим олишлари учун зарур шарт-шароит яратилган бўлиб, дарслар юқори малакали ўқитувчилар томонидан олиб борилмоқда. Муҳими, “NASA Academy” ўқув маркази маҳалла ёшларининг пухта билим олиб, келгусида рақобатбардош мутахассис бўлиб етишишида ҳисса қўшади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати




