Қоракўл: “Темирни қизиғида босаётган” устанинг қўли дард кўрмасин
2026-03-17 10:25:00 / Янгиликлар
Эрта баҳор қўли қадоқ деҳқон, миришкор томорқачи учун қизғин иш фасли. Бу фаслда айниқса, деҳқонга яқин ҳамкор—темирчи устанинг қўли-қўлига тегмайди. “Иш қуролинг соз бўлса, машаққатинг оз бўлар” деганларидек, деҳқон ҳамда томорқачининг меҳнат қуроли, кетмон-белкурак, ўроғини созлаб, дамини қиличдек кескир чархлаб берувчи уста темирчилардир.

Қоракўл тумани “Хўжакон” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам айни кунда 1700 дан ортиқ хонадон бўлиб, дала-деҳқончилик ишлари кенг қулоч ёйган. Касб-кори оилавий темирчилик сулоласи давомчиси бўлган Иброҳим Ҳайитов учун эса эрта баҳор қизғин иш мавсуми.
Иброҳим қишлоқда уста темирчи бўлиб танилганига кўп йил бўлган. У Хўжаконда яшаш уйи ёнидаги мўъжаз устахонада эрта тонгдан кечга қадар сангдонда иш билан машғуллигини кўрасиз. Таъбир жоиз бўлса, уста қўлида пўлат темир ҳам нафис гулдай тобланиб, тиғи чархланган меҳнат воситасига айланади. Қўни-қўшни, маҳалладошлари қўлида дами қайтган, яроқсиз кетмон, ўроқ ёки белкуракни кўрган устанинг таъбир хира тортиши аниқ. Дарҳол ишга тушиб, ўз маҳоратини намоён этиб, темирни “ярқиратиш”га ўрганган. Шу боис, устахонаси мижозлар билан гавжум.
Айни кунда Иброҳим Ҳайитов нафақат талабгир кетмон, белкурак, ўроқ ёки ошпичоқ, балки капгир, токқайчи, пичоқ, ханжар каби турли буюмларни ясаб, кўпларни хурсанд қилиб, меҳнатига яраша даромад топиб келмоқда. Уста яратган ҳар бир буюм пухта ишлангани ва сифатли билан ажралиб туради.
Айни кунда Иброҳим Ҳайитов нафақат талабгир кетмон, белкурак, ўроқ ёки ошпичоқ, балки капгир, токқайчи, пичоқ, ханжар каби турли буюмларни ясаб, кўпларни хурсанд қилиб, меҳнатига яраша даромад топиб келмоқда. Уста яратган ҳар бир буюм пухта ишлангани ва сифатли билан ажралиб туради.
— Эсимни танибманки, отамнинг этагидан тутиб кам бўлмадим, темирчи бўлиб, элга танилганим, шу касб-корим ортидан оила боқиб, ҳалол меҳнат билан иззат-ҳурмат қозонаётганимдан мамнунман,—дейди уста темирчи Иброҳим ҳайитов.— Қишлоқ жойида иш қуролларисиз яшаш жуда қийин. Масалан, эрта баҳорда экин-тикин мавсуми бошланиши билан кетмон ва белкуракка талаб ошади, кейинроқ ўроққа буюртма кескин кўпаяди. Сангдонда чўғдай қизиган темир билан ишлаш менга завқ бағишлайди. Ҳар сафар болға урилганда жаранглаган темир товуши менга отамни эслатади.
Замон шиддат билан ўзгараётган бўлсада, миллий ва қадимий ҳунарларни асраб-авайлаб, уларни янада мукаммаллаштириб келаётган бундай усталар жамиятимизда алоҳида эътирофга лойиқ. “Темирни қизиғида босиб”, ҳалол меҳнати билан эл хизматида бўлаётган темирчиларимизнинг қўли дард кўрмасин.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









